Доллар, российски оламиз...
Илгари кўпгина бозорлар ва валютафурушлар ўзига “макон” қилган жойларда бу сўзлар тез-тез қулоғингизга чалинган бўлса ажаб эмас. Ўтган давр мобайнида вилоятда ноқонуний равишда валюта олди-сотдиси билан шуғуллуниш ҳолатларига чек қўйиш, валюта “қорабозори”га барҳам бериш борасида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳамкорликда бир қатор тезкор ва профилактик тадбирлар амалга оширилди. Биргина 2019 йил давомида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 177-моддаси, яъни “Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш” билан боғлиқ 51 та жиноят аниқланди. Бироқ, “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, шу йўл орқали даромад топишни ўзига “касб” қилган айрим шахслар яна шу ҳаракатларини давом эттиришади.
Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан фуқаро Б.Н.нинг аризаси юзасидан 2020 йил 23 январь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида, Ғиждувон туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган П.У ва шу туманда яшовчи, 1973 йилда туғилган Ҳ.Р.лар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, Кўлижаббор қишлоғида жойлашган ёғоч бозорининг кириш дарвозаси олдида Б.Н.га қонунга хилоф равишда ҳар бир АҚШ долларини 9.550 сўмдан ҳисоблаб, жами 2.500 АҚШ долларини 23.875. минг сўмга айирбошлаган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати