Дорихонани ўмарган шахслар ушланди
2023 йил 7 февралдан 8 февралга ўтар кечаси номаълум шахс, М.С. исмли аёлга тегишли бўлган Жондор тумани "Зарафшон" маҳалласида жойлашган “Шабнам-Саида-Фамили-Фарм” номли хусусий корхонага қарашли дорихона орқа эшигини бузиб кириб, дорихона кассасидаги 50.000 сўм, аёллар сумкаси ичидан 2.800.000 сўм ва 100 АҚШ доллари ҳамда стол устида турган баҳоси 7.000.000 сўмлик “Асер” русумли ноутбукни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор-техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни "Қоракўл" тумани "Тинчлик" маҳалласида яшовчи, 1982 йилда туғилган Х.С. ва 1980 йилда туғилган Р.М. исмли шахслар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб содир қилганликлари фош этилди.
Ҳозирги кунда ушбу шахсларнинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.