Экология инспекторига ўқ узган браконерлар ушланди
Жорий йилнинг 13 июль куни соат 20:00 ларда Олот тумани “Кўл Човдир” маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган Ў.С. исмли шахс ов қилиш қоидаларини қасддан бузиб, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган “Жайрон” кийикларини овлаш мақсадида уларнинг сув ичиши учун мўлжалланган ирмоқ ёнида пойлаб турган пайтида, экология бўлими ходимлари томонидан фош этилган. Шунда у масъул ходимларга ўзини ошкор қилмаслик учун яширинишга уринган.
Бироқ, Қоровулбозор тумани экология бўлимининг 3 нафар ходимлари томонидан фуқаро Ў.С. ни ушлаш чоралари кўрилиб, унинг орқасидан қуваётган вақтларида ўз хизмат вазифаларини бажараётган экология ходими М.Ҳожиевнинг қонуний талабларига қаршилик кўрсатиб, ўзига тегишли ов милтиғидан ходимнинг оёқ остига ерга қарата ўқ узган. Сочма ўқ бўлаги ходимнинг ўнг қўл билак соҳасига жароҳат етказган.
Юқорида қайд қилинган ҳолатда фуқаро Ў.С. нинг ҳаракатларида ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш ҳамда ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш жиноятлари аломатлари мавжудлиги аниқланиб, Қоровулбозор туман прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан фуқаро Ў.С. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25, 202 (Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) ва 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.