Фуқаролар муаммосига юзма-юз ечим: масъул раҳбарлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида жорий йил 16 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда янги, самарали ёндашувлар белгилаб берилди. Жумладан, эндиликда Халқ қабулхоналари фаолиятига тўғридан-тўғри ҳокимлар раҳбарлик қилиши, улар иш кунини фуқаролар дардини эшитишдан бошлаши лозимлиги таъкидланган эди.
Айни шунга асосан, бугун Халқ қабулхонасида такроран мурожаат қилган фуқаролар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Қабул жараёнида вилоят ҳокими билан бир қаторда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, хусусан, ички ишлар бошқармаси раҳбари ҳам иштирок этди.
Мулоқот давомида фуқаролар томонидан суд-ҳуқуқ, ишга тиклаш, уй-жой муаммолари, қурилиш масалалари ҳамда ижтимоий соҳага оид бир қатор долзарб масалалар кўтарилди. Ҳар бир мурожаат алоҳида тартибда кўриб чиқилиб, тегишли соҳалар мутасаддилари иштирокида ҳуқуқий ва амалий ечимлар белгиланди.
Энг муҳими, ҳар бир мурожаат юзасидан ижро ва назоратга олиш механизми ишга туширилди. Бу эса давлат органлари ва фуқаролар ўртасида ишончли мулоқотни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим қадам бўлди.