Гиёҳвандлик моддаларини қонунга хилоф равишда сақлаш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг алоҳида фармойиши асосида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида "Гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш" борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан кенг жамоатчилик билан биргаликда бир қатор манзилли профилактик ҳамда тезкор тадбирлар амалга оширмоқда.
2023 йил 4 январь куни соат 14:50 да вилояти ИИБ TҚX ЖҚБ ва Божхона хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбирлар давомида Вобкент тумани Кулолчи маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган Ш.Р. яшаш уйида вилоят ИИБ ЭКМнинг хулосасига кўра, соф вазни 152,09 гр "Марихуана" гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар гиёҳвандлик ҳамда психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш ўта жирканч қилмиш ва оғир жиноятдир.
Келгусида ҳаётингиз, соғлиғингиз, мол-мулкингизни турли жиноий тажовузлардан асраб авайлаш, ҳар қандай жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлувчи гиёҳвандлик деб аталувчи иллатдан жамиятни холи қилиш учун юқоридаги каби ҳолатлар тўғрисида бирор бир маълумотга эга бўлсангиз, зудлик билан 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига бориб хабар беришингизни сўраб қоламиз.
Кимда ким шу каби оғир ва ўта оғир жиноятлар тўғрисида маълумот берса, ўша фуқаро ички ишлар бошқармаси томонидан рағбатлантирилади ва сизнинг шахсингиз махфий сақланади.
Ҳамкорлигингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз.