Ғиждувон тумани “Тинчлик” маҳалласида жиноятчиликнинг фуқаробай муҳокамаси ўтказилди
Маълумки, бугунги кунда ҳудудларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида низоли оилаларда оилавий қадриятларни тиклаш, мавжуд низоларни ҳал этиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича “фуқаробай” тарзида ишлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ва хавфсиз ҳудудга айлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этиш борасида ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ишлари янада кучайтирилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилоятида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчилик ҳолати жойида муҳокама қилиб борилмоқда.
Жумладан, бугун, 2 ноябрь куни жиноятчиликнинг навбатдаги “фуқаробай” муҳокамаси вилоят бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев бошчилигидаги масъуллар ва маҳалла мутасаддилари иштирокида Ғиждувон тумани “Тинчлик” маҳалласида ўтказилди.
Мазкур маҳаллада жорий йилнинг бугунги кунига қадар бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган бўлиб, “яшил маҳалла” сирасига кирган. Аммо маҳалла фуқаролари томонидан жиноятлар, айниқса оғир турдаги (қотиллик) жиноят содир этилиши маҳаллада “фуқаробай” тизимнинг ишламаётганидан далолат беради.
Муҳокамада маҳалла фуқароси томонидан содир этилган жиноятнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳисоботлари тингланди.
Маҳаллада келгусида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида, “хонадонбай”, “оилабай” ва “фуқаробай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, айниқса ишлаш ёки бошқа мақсадларда чет элга чиқиб кетган ва чет эллардан қайтиб келган фуқаролар билан ишлашнинг замонавий методларини қўллаш, тааллуқли идоралар вакиллари билан узвий ҳамкорлик қилиш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.