15 Декабр 2022 йил 693

Ғиждувон туманида табиий газ қувурларига ноқонуний тарзда уланиб фойдаланиб келаётган ҳуқуқбузарлар фаолиятига чек қўйилди.

Ғиждувон туманининг барча маҳаллаларида мавжуд ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, куз-қиш мавсумида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, табиий газ босими ва электр энергиясининг бир маромда етиб боришини таъминлаш мақсадида ҳудудий мутасадди идоралар масъулларидан иборат куну-тун фаолият олиб борувчи тезкор штаб ҳамда ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган

Тезкор штаб ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан туманда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳолини табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, кўмир етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, мавсум давомида электр энергияси ва табиий газ ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатларни олдини олиш борасида тезкор профилактик ҳамда тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Туман миқёсида ўтказилган ана шундай тезкор профилактик тадбирлар давомида бир нечта табиий газ қувурларига ноқонуний уланиш, қўшимча газ сўрувчи электр двигателларини ўрнатиш каби қонунбузарлик ҳолатлари фош этилди.

Жумладан, олинган тезкор маълумотлар асосида туманнинг “Зарангари” ҳамда “Бўлакиён” маҳаллаларида яшовчи фуқароларнинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилганда икки ҳолатда табиий газ қувурига ноқонуний тарзда газ сўрувчи электр двигателини ўрнатиб фойдаланиб келаётган фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлари аниқланган.

Зарангари” маҳалласида жойлашган Масъулияти чекланган жамиятга қарашли новвойхона ва ушбу маҳаллалардаги умумий овқатланиш ошхонасида ҳам шу каби ҳолат фош этилди.

Мазкур ҳолатлар бўйича туман ИИБ ҳамда Ҳудудгаз туман бўлими ходимлари томонидан далолатнома расмийлаштирилиб, ноқонуний газ сўрғичдан фойдаланган фуқароларга қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилди.

Шу ўринда фуқаролардан табиий газ ҳамда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ турли қонунбузарлик ҳолатларини содир этмасликларини, бундай ҳолатларга дуч келган тақдирда белгиланган тартибда маълум қилишларини ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламиз!

Text to speech