17 Май 2023 йил 604

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги 79-сессиясида ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусида расмий баёнот берди

Бугун, 17-май куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 79-сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида вилоят сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар раҳбарлари, сиёсий партиялар вакиллари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотларининг раҳбар ва масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Видеоконференция шаклида ўтказилган сессияда шаҳар-туманлар студияларидан ҳам тегишли мутасаддилар қатнашишди. Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди.

Сессия кун тартибидаги "Вилоят ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳолати" юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов баёнот берди.Бунда, Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари, идоравий номатив ҳужжатлар асосида вилоят ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўтган 4 ой мобайнида ҳудудларда содир этилган жиноятлар таҳлил қилиниб, ҳар бир жиноятни маҳалланинг ўзида сектор раҳбари ва мутасадди ташкилотлар иштирокида таъсирчан муҳокама қилиш ва келгусида жиноятларни олдини олишга қаратилган манзилли чора-тадбирларни белгилаш борасида сўз юритди.

Профилактик тадбирлар давомида ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларга алоҳида эътибор қаратилиб, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг профилактик ҳисобида турган 46 мингдан ортиқ алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган шахсларнинг ҳар бири билан манзилли ишлар ташкил этилгани ҳамда улар билан суҳбатлашиш жараёнида аниқланган ижтимоий-маиший муаммоларни эса ижобий ҳал қилингани натижасида вилоятдаги 544 та маҳалланинг 325 тасида жиноят содир этилмаганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, вилоятда йўл инфратузилмасини яхшилаш, янги йўл белгилари ўрнатиш ва йўл чизиқларини ётқизиш натижасида йўл ҳаракати иштирокчиларига қулайликлар яратиш баробарида инсон тақдири, унинг ҳаёти ва соғлигини асрашда ижобий натижаларга эришилаётганлиги айтиб ўтилди.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда жами содир этилган йўл транспорт ҳодисалари 55 та қайд этилиб, 28 тага ёки 33,7 фоизга камайган. Шунингдек, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 2 тага ҳамда тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони 26 тага камайган.

Соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш борасида жиддий камчиликларга йўл қўйилган. Тегишли соҳа раҳбарлари ва мутасаддилар томонидан ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишда сусткашликларга йўл қўйилганлиги натижасида 2023 йилнинг 4 ойи мобайнида вилоятда жами 1 минг 415 та жиноятлар қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 21 тага ёки 1,5 фоизга, шундан жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 68 тага ёки 7,8 фоизга кўпайган.

Содир этилган 1 минг 415 та жиноятларнинг 702 таси ёки 49,6 фоизи Бухоро шаҳри, Ғиждувон ва Бухоро туманлари ҳиссасига тўғри келиб, ушбу ҳудудларда жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда. Вилоятда қайд этилган жиноятлар 100 минг аҳоли сонига нисбатан ўртача 70 тадан тўғри келган бир вақтда Қоровулбозор туманида 231 тадан, Бухоро шаҳрида 143 тадан, Когон шаҳрида 118 тадан, Когон туманида 71 тадан тўғри келиб, вилоят кўрсаткичидан салбий натижа қайд этган.

Маҳаллаларда олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан қизил тоифага киритилган маҳаллалар сони ортиб бормоқда. Жорий апрель ойи ҳолатида қизил тоифадаги маҳаллалар сони 93 тани ҳамда сариқ маҳаллалар сони 126 тани ташкил этмоқда.

Шунингдек, вилоятда жорий йилнинг 4 ойи давомида ёшлар, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сонининг ҳам ошгани, хусусан, ёшлар томонидан 363 та жиноятлар содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 тага, вояга етмаганлар томонидан 67 та жиноятлар содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53 тага ҳамда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 165 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53 тага кўпайгани ҳамда жиноят содир этишда иштирок этган хотин-қизлар 142 нафарни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 нафарга ошгани қайд этилди.

Якунда сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатлар ва ОАВ вакилларининг саволларига батафсил жавоблар берилиб, улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар инобатга олинган ҳолда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Text to speech