Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди
Бугун, 20 октябрь куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 66-сессияси бўлиб ўтди. Мазкур сессия ишида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, доимий комиссиялар раислари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, бошқарма ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сессия ишида “Вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлигини борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги тўғрисида”ги масала муҳокама қилиниб, кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Анвар Аҳмедовнинг ахборот берди.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Амалга оширилган тадбирлар натижасида жорий йилнинг 9 ойи якуни бўйича содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 тага ёки 10,6 фоизга камайгани ҳамда олиб борилган ижобий ишларга қарамасдан йўл-транспорт ҳодисалари Жондор (3 тага), Пешкў (1 тага), Қоровулбозор (1 тага) туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида (4 тага) кўпайишига йўл қўйилгани таъкидланди. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 52 таси тезликни ошириш оқибатида содир этилганлиги аниқланган. Бухоро шаҳрида умумий 68 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, ҳодисаларнинг 9 таси ўлим билан якунлангани айтиб ўтилди.
Сессияда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлилларидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича вилоят махсус комиссиясининг Бухоро шаҳридаги I.Karimov, M.Iqbol, Намозгоҳ, Ибн Сино, B.Naqshband ҳамда Навоий шоҳ кўчаларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг юқори тезлигини соатига 60 км этиб белгилаш юзасидан таклифи кўриб чиқилди.
Бу борада депутатларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди ва маъқулланди ҳамда ушбу таклифни тасдиқлаш учун йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика махсус комиссиясига тақдим этиш белгиланди.