Халқаро ҳамкорлик: Польша ИИВ Чегара хизмати делегацияси Бухоро вилоятига ташриф буюрди
Польша Республикаси ИИВ Чегара хизмати Бош комендатураси чет эл фуқаролари бўйича бошқарма директори, майор Павел Холовенько бошчилигидаги делегация юртимизга қилган амалий ташрифи доирасида жорий йилнинг 11-12 июль кунлари Бухоро вилоятида ҳам бўлишди.
Меҳмонларни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Эркин Сафаров бошчилигидаги масъуллар кутиб олди.
Делегация раҳбари ва аъзоларига Бухорода ички ишлар органлари, айниқса миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ва уларнинг қуйи тузилмаларининг асосий вазифалари, соҳада амалга оширилган ислоҳот ва истиқболдаги режалар ҳақида сўзлаб берилди.
Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, айниқса чет эл фуқароларини Республикамизга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу соҳани изчил ривожлантиришга доир қатор имтиёз ва кенг қулайликлар яратилаётгани, шу ўринда, “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони билан 76 давлат фуқаролари, шу жумладан Польша фуқаролари ҳам Ўзбекистон Республикасига 30 кун муддатга визасиз режим асосида келиб кетишлари белгилангани мазкур ислоҳотларнинг ёрқин намунаси эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, меҳмонлар вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида бўлиб, бунда фуқароларга хизмат кўрсатиш фаолият турлари ҳамда иш жараёни ва ходимларга яратиб берилган хизмат шароитлари билан яқиндан танишишди.
Бундан ташқари делегация аъзолари вилоят Ички ишлар бошқармасининг раҳбарияти, вилоят ИИБ МваФРБ бошлиғи ҳамда қатор масъуллар иштирокида чет эл фуқароларини Ўзбекистон Республикасига ташрифи ва мамлакатимиз қонунчилига асосан истиқомат қилиши тартиби, чет эл фуқароларига яратилган шарт-шароитлар ҳамда мазкур йўналишга доир олиб борилаётган ишлар юзасидан ташкил этилган учрашувда иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Ташриф давомида меҳмонлар вилоятнинг диққатга сазовор қадимий манзиллари бўйлаб ҳам саёҳат қилди. Маданий мерос объектлари ҳамда зиёратгоҳларда бўлиб, шариф шаҳарнинг кўп йиллик тарихи ва қадимий жозибасига юқори қизиқиш билдириб, буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида эътироф этдилар.
Ташриф чоғида жаноб Павел Холовенько тизим ходимларининг замонавий жаҳон андозалари даражасида жиҳоз ва техник воситалар билан таъминлангани, улар юқори профессионал даражада хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этди.
Польша ИИВ Чегара хизмати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.