8 Август 2024 йил 1692

«Хавфсиз ҳудуд ва мулкий турдаги жиноятларни олдини олиш ойлиги» доирасида Ғиждувон туманида ҳам кенг қамровли профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда

Расмий саҳифаларимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида мавжуд тизимли муаммоларни, аҳолининг мурожаатларини ҳал этиш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали маҳаллаларни ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, шунингдек, туманни ижтимоий иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасидаги манзилли ишларни изчил олиб боришга Ички ишлар бошқармаси бошлиғи масъул этиб бириктирилган.

Топшириқ ижроси юзасидан вилоят прокуратураси ҳамда Ички ишлар бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган қўшма фармойишга кўра жорий йилнинг

4-июнь кунидан бошлаб вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиясига аъзо ташкилотлар масъуллари, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда бир қатор манзилли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда бутун республикамиз бўйлаб эълон қилинган "Хавфсиз ҳудуд ва мулкий турдаги жиноятларни олдини олиш ойлиги" доирасида ҳам миграцияда юриб қийналган фуқароларни қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш, миграцияда юрган фуқароларнинг оила аъзолари, судларда низолашаётган ёки низоли оила сифатида профилактик ҳисобга олинган оилалар билан манзилли ишлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва рақамлаштириш, замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш ва ҳудудий ички ишлар органларига интеграция қилиш масалаларига алоҳидаэ ътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари жиноятларни келтириб чиқариш хавфи юқори бўлган 2 843 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминланди, жараёнда 97 та ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланишига эришилди.

22 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган ва 29 нафар руҳий касалликка чалинган шахслар аниқланиб соғлиқни сақлаш муассасаларга жойлаштирилди.

Профилактик ҳисобда турган 3 345 нафар муқаддам судланган шахсларнинг 2 693 нафари билан якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилиб, маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчи 101 нафар шахслардан 34 нафарига нисбатан маъмурий назорат ўрнатилди.

Вояга етмаган фарзандларини тунги вақтларда кўнгилочар масканларда назоратсиз бўлишига йўл қўйган шахслар билан ҳам профилактик тадбирлар ўтказилиб, уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.

Фирибгарлик, ўғрилик, тан жароҳати етказиш ва йўл транспорт ҳодисалари, кибержиноятчилик, терроризм ва ахлоққа оид жиноятларни олдини олишга доир тарғибот тадбирлари ўтказилиб, буклетлар тарқатилди.

Банк пластик картасига эга фуқароларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, масъул раҳбарлар бошчилигида индивидуал тарғибот ўтказиш шаклларидан фойдаланилмоқда.

Ўтказилган кенг қамровли профилактик тадбирлар давомида 232 та ажрим ёқасидаги ва 254 та низоли оилалар билан “Бухоро тажрибаси” асосида туман ҳокими бошчилигидаги мутасадди раҳбарлар томонидан манзилли профилактик тадбирлар олиб борилиб, 126 нафар тазйиққа учраган аёлларнинг 85 нафарига ҳимоя ордерлари расмийлаштирилиб, ҳимоя ордери қоидаларига риоя этмаган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланмоқда.

Содир этилаётган ёки тайёрланаётган жиноятларни аниқлаш, мавҳум ҳолатда содир этилган жиноятларни фош этиш, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган қидирувдаги шахсларни ушлаш, бедарак йўқолган шахсларни аниқлаш тадбирлари ҳам изчил давом этмоқда.

Ғиждувон туманининг 75 та маҳаллаларини замонавий видео кузатув мосламалари билан жиҳозлаш масалалари ҳам уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

Натижада бугунги кунда Ғиждувон туманида жиноятчиликнинг, айниқса олди олиниши мумкин бўлган жиноятларнинг сезиларли даражада камайишига эришилди.

Бу каби кенг қамровли тезкор ҳамда профилактик тадбирлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам амалга оширилмоқда.

Text to speech