24 Июл 2025 йил 356

"Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирларининг дастлабки натижалари танқидий муҳокама қилинди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг фармойиши асосида 2025 йил 15 июль санасидан 15 август кунига қадар ўтказилаётган "Хавфсиз ва соғлом юрт" кенг қамровли махсус, тезкор ва профилактик тадбирининг дастлабки натижалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари иштирок этдилар.

Тадбир давомида ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди ва улар фаолиятига танқидий баҳо берилди.

Шунингдек, вилоят ҳудудида 2025 йил бошидан шу кунга қадар содир этилган жиноятлар таҳлил қилинди. Жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш ҳамда фуқаролар билан “маҳаллабай” ишлаш тизимини самарали ташкил этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.

Йиғилишда Президентнинг 2025 йил 3 январьдаги ПҚ–1-сон қарори ижроси доирасида жойларда олиб борилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шу билан бирга, шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизоми, қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, ички тартиб-қоидаларга амал қилиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

Кадрлар сиёсати масалалари ҳам йиғилишнинг долзарб мавзуларидан бири бўлди. Хусусан, кадрларни тўғри танлаш, уларни жой-жойига қўйиш, бўш иш ўринларини муносиб ва малакали номзодлар билан жамлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Йиғилиш якунида Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан тезкор-профилактик тадбирларнинг кейинги босқичларини самарали ташкил этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда тизимли ёндашувни таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Text to speech