Ҳудудларда криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жиноятчиликни жиловлаш борасидаги ишларни кучайтириш зарур
Бугун, 11-февраль куни Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев бошчилигида вилоятнинг ҳудудий ички ишлар органлари бўлим ва бўлинмалари (ГОМ) кесимида ўтган 2022 йил давомида содир этилган жиноятлар ҳамда жиноят содир этган шахслар бўйича таҳлиллар ўрганилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Бунда ҳудудларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида шаҳар-туман ИИБлардаги ички ишлар бўлинмаларининг ўрнини мустаҳкамлаш вазифаси белгилаб берилди.
Айрим раҳбарларнинг ўз вазифаларини бажаришга бепарволик билан муносабатда бўлаётганлиги, ташаббус кўрсатмаётганлиги оқибатида, маъмурий ҳудудларда жиноятлар сони ошиб, ўз навбатида шаҳар-туман кўрсаткичларига салбий таъсирини кўрсатаётгани, шунингдек, даврий таҳлиллар асосида ҳар ойда ва ҳар чоракда жиноятчилик салмоғи ошиб борган ҳудудлар, уларда жиноят содир этган шахслар ҳамда жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан олиб борилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмаганлиги танқид қилинди.
Бошқарма бошлиғи ҳузурида шаҳар-туманлар ҳудудий ИИБ бошлиқлари томонидан келгуси йилда маъмурий ҳудудларда криминоген вазиятни барқарор сақлаш борасидаги тақдимотлари тингланиб, аниқ чора-тадбирлар белгилаш юзасидан қўшимча вазифалар юклатилди.