Ишчи гуруҳнинг Бухоро вилоятидаги манзилли ишлари давом этмоқда
Давлатимиз раҳбарининг қарори ижросини таъминлаш ва амалиётга татбиқ этиш борасидаги чора-тадбирлар ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилояти бўйлаб, туман ва маҳаллалар кесимида прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар масъуллари билан биргаликдаги манзилли ишлари билан давом эттирилмоқда.
Хусусан, Ромитан, Вобкент, Коган, Ғиждивон, Олот, Қоракўл, Жондор ва Қоровулбозор туманларининг «қизил» ҳамда «сариқ» тоифадаги маҳаллаларида криминоген вазиятни жиловлаш, алоҳида тоифадаги шахслар билан манзилли тадбирларни олиб бориш ҳамда рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш борасида сектор раҳбарлари ва маҳалла еттилигига тегишли кўрсатмалар берилиб йўналишлар бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Жойларда соҳага оид масъуллар ва жамоатчилик билан бўлиб ўтган учрашувларда Қарорнинг мазмун моҳияти етказилиб, ҳудудларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича сектор раҳбарларининг ахборотлари тингланди.
Тадбир жараёнида маҳаллаларда, криминоген вазиятни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта аниқлаб олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда мутасадди идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийларни жалб этган ҳолда маҳалла-туман- вилоят миқёсида ишлаб чиқилган йўл харитаси асосида фаолият олиб бориш лозимлиги тушунтирилди.
Ишчи гуруҳ томонидан маҳалла гузарларида ёшларга яратилган имкониятлар ва шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан тегишлилиги бўйича вазифалар белгиланди.
Шунингдек, аҳолини айниқса ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш борасида маҳалла еттилиги томонидан амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилиб масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давом этмоқда.