Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Бухоро давлат университети талабалари билан “Ҳуқуқий тарғибот” учрашувини ўтказди
Бугун, 5 август куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов Бухоро давлат университети талабалари билан учрашди.
Унда талаба-ёшлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш мавзусида суҳбат олиб борилиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, маънавий-маърифий ишларни тубдан такомиллаштириш, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани тўғрисида маълумотлар берилди.
Ёшлар орасида содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олишда учрашувда ўтирган талаба қиз ва йигитларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланиб, маҳалладаги, ён-атрофдаги тенгдошларини ана шу иллатларга яқинлашмаслиги учун уларга маънавий кўмакчи бўлиш лозимлиги тушунтирилди.
Бошқарма бошлиғи ўз сўзида талабаларга ўқув жараёни давомида ўз салоҳиятини намоён қилиши, ўзини янада яхшироқ англаши, ўқиш ва ҳаётда тўғри қарор қабул қилиш ва танлашни ўрганиши, ҳар бир қадами ва ҳаракатларининг оқибатларини англаши, ҳаётда ўз қизиқишларини топишга кўмак бериш мақсадида университет ҳамда ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамкорлиги йўлга қўйилганлигини, ўқишдан бўш вақтида талабалар фойдали меҳнат ёки машғулот билан шуғулланишлари кераклигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, ёшларнинг назоратсизлиги, қаровсизлиги оқибатида улар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий ҳатти-ҳаракатлар тўғрисида мисоллар келтирилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилди.
Бундан ташқари, коррупция билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш республикамизда давлат сиёсатининг устувор масаласи сифатида қаралаётгани, жамиятда бу иллатни батамом тугатиш учун фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, коррупцияга қарши кураш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи бўлиши лозимлиги, бу соҳадаги курашда талаба-ёшларнинг ўзи ҳам фаол бўлиши катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидланди.
Учрашув сўнггида талаба-ёшлар мавзулар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар олдилар.