30 Август 2024 йил 867

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов вилоят 3-секторига қарашли Шофиркон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммолари ечими борасида ўрганишлар олиб борди

Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳудудларда бўлиб, туман сектор раҳбарлари, тегишли масъуллар, маҳаллалар «еттилик» вакиллари шунингдек, аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказиб, мавжуд муаммоларга ечим изламоқда.

Бугун, 30 август куни вилоят ИИБ бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов вилоят 3-секторига қарашли Шофиркон туманида бўлиб, бугунги кунда республикамиз бўйлаб “Бир бўлсак-ягона халқмиз, бирлашсак-Ватанмиз” шиори остида ўтаётган давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги байрам тантаналари арафасида аҳолининг байрам кайфиятини ўрганиш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд муаммоларга ечим топиш, туман ҳудудида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, маҳаллаларда "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.

Бошқарма бошлиғи дастлаб, туман марказий ўйингоҳида олиб борилаётган қайта реконструкция ишлари, жумладан футбол майдонига сунъий чим қопламасини ёпиш билан боғлиқ дастлабки қурилиш ишларининг боришини кўздан кечириб, стадионни замон талаблари асосида тўлиқ таъмирлаб топшириш борасида мутасаддиларга манзилли топшириқлар берди.

Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи туманнинг энг оғир ҳудудларларидан бири «Доригар» маҳалласида ўрганиш ишларини давом эттирди.

Жумладан, вилоят Ички ишлар бошқармаси ва туманнинг тааллуқли идораларидан ушбу маҳаллага масъул этиб бириктирилган мутасаддилар ва маҳалла еттилиги иштирокида ҳудудда "Обод ва хавфсиз хонадон" тамойили асосида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган режали ишларни муҳокама қилди.

Шундан сўнг бошқарма бошлиғи масъуллар билан биргаликда уйма-уй юриб, ижтимоий аҳволи оғир, кам таъминланган, «Темир», «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарларига кирган, шунингдек, узоқ муддатга кетиб қийналганлиги сабабли ички ишлар органларининг саъйи ҳаракатлари билан ватанга қайтиб келган шахслар, уларнинг яқинлари, вояга етмаган фарзандлари ҳамда якка ёлғиз, ногирон ва узоқ вақтдан бери касалликка чалиниб даволанаётган фуқароларнинг ҳолидан хабар олиб, ушбу тоифадаги шахсларнинг муаммолари ва мурожаатларини ўрганди.

Жараёнда вилоят ҳамда туман мутасадди идораларининг масъул раҳбарларига аниқланган масалалар ечими юзасидан тавсия, кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.

Шунингдек, ушбу маҳалла аҳолиси билан бўлган суҳбатларда муқобил электр энергияси манбаларидан ҳамда энергия тежовчи технологиялардан фойдаланишнинг аҳамияти, фойдали жиҳатлари борасида тарғибот ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.

Бошқарма бошлиғининг бу каби ўрганишлари, вилоятнинг 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманларида ҳамда бошқа шаҳар ва туманларнинг 3-секторларига қарашли маҳаллаларида босқичма босқич амалга ошириб келинмоқда.

Text to speech