8 Сентябр 2023 йил 827

Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов Бухоро вилоятида криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди

Хизмат сафари билан Бухоро вилоятида бўлиб турган Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов ўрганишларнинг биринчи кунида вилоят 3 сектор ҳудудига кирувчи Ғиждувон ҳамда Шофиркон туманларида бўлди.

Ўрганишлар давомида шаҳар ва туманларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар бирма бир таҳлил қилинди.

Вазир ўринбосари жиноятчилик салмоғи ошган Ғиждувон туманининг "Шарқ" ва "Помўза", Шофиркон туманинг "Қалмакон" маҳаллаларида бўлиб, "бешлик" вакилларининг ҳамкорликда жиноятчиликни олдини олиш борасида олиб борган ишлари билан танишди.

Ички ишлар вазири ўринбосари маҳаллаларнинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар, шунингдек, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, салмоғи юқори бўлган жиноятларни олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлаш кераклиги борасида алоҳида топшириқлар берди.

Шунингдек вазир ўринбосари Шофиркон тумани ички ишлар бўлимига ташриф буюрди.

Ҳудудий ички ишлар органида бўлган вазир ўринбосари аввало, маъмурий бинода ходимлар ва аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммоларга эътибор қаратди.

Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов Бухоро вилояти транспортда жамоат тартибини сақлаш бошқармаси фаолиятини ҳам ўрганди.

Вазир ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг бу каби ўрганишлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Text to speech