Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов Бухоро вилоятида криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди
Ички ишлар вазири ўринбосари Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни бирма-бир таҳлил қилиш мақсадида ҳудудий ички ишлар органига ҳам ташриф буюрди.
Жондор тумани Ички ишлар бўлимида бўлган вазир ўринбосари аввало, маъмурий бинода ходимлар ва аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммоларга алоҳида эътибор қаратди.
Вазир ўринбосари ИИБ биносида бўлган ўрганишларда тезкор-тергов гуруҳига жалб этилган ходимлар билан бирма-бир суҳбатлашиб, ички ишлар бўлимлари Навбатчилик қисмига келиб тушган ҳар бир мурожаат юзасидан ўз вақтида ҳодиса содир бўлган жойга етиб бориш, фуқароларнинг мурожаатларини тўлиқлигича ўрганиб, тегишли терговга қадар текширув ҳаракатларини сифатли амалга оширишлари юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берди.
Ушбу жараёнда фуқароларнинг бўлимга олиб келиниши, суриштирув ва тергов хоналарининг зарурий техник ва видеокузатув мосламалари билан жиҳозланганлиги, суриштирув жараёнлари ва тезкор-тергов гуруҳига жалб этилган ходимлар билан хизмат вазифалари юзасидан савол жавоблар ўтказилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов ўрганишлари доирасида Жондор туманининг "Нурафшон" маҳалласида бўлиб, "еттилик" вакилларининг ҳамкорликда жиноятчиликни олдини олиш борасида олиб борган ишлари билан танишди.
Ички ишлар вазири ўринбосари маҳалланинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар, шунингдек, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, салмоғи юқори бўлган жиноятларни олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлаш кераклиги борасида алоҳида топшириқлар берди.
Шунингдек вазир ўринбосари ушбу маҳалла жойлашган "Зарафшон спорт мажмуаси" ҳамда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли Спорт соғломлаштириш марказида туман аҳолиси айниқса ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар билан танишди.
Ички ишлар вазири ўринбосарининг Бухоро вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.