Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жиноятчиликни олдини борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди
Ички ишлар вазири ўринбосари Бухоро вилоятидаги ўрганишлари доирасида шаҳар ва туманларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни бирма-бир таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Қоракўл туманида бўлган ўрганишларда ҳам шу масалалар эътибор марказида бўлди.
Дастлаб, Қоракўл тумани Ички ишлар бўлимида бўлган вазир ўринбосари аввало, маъмурий бинода ходимлар ва аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммоларга алоҳида эътибор қаратди.
Вазир ўринбосари ИИБ биносида бўлган ўрганишларда тезкор-тергов гуруҳига жалб этилган ходимлар билан бирма-бир суҳбатлашиб, ички ишлар бўлимлари Навбатчилик қисмига келиб тушган ҳар бир мурожаат юзасидан ўз вақтида ҳодиса содир бўлган жойга етиб бориш, фуқароларнинг мурожаатларини тўлиқлигича ўрганиб, тегишли терговга қадар текширув ҳаракатларини сифатли амалга оширишлари юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берди.
Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов ўрганишлари доирасида Қоракўл туманининг «Дўстлик» маҳалласида бўлиб, «еттилик» вакилларининг ҳамкорликда жиноятчиликни олдини олиш борасида олиб борган ишлари билан танишди.
Ички ишлар вазири ўринбосари маҳалланинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар, шунингдек, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, салмоғи юқори бўлган жиноятларни олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлаш кераклиги борасида алоҳида топшириқлар берди.
Шунингдек, “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган қўшма Қарор ижроси бўйича белгилаб берилган вазифаларни тезкор ва самарали ҳал этиш чораларини кўриш борасида ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.
Ички ишлар вазири ўринбосарининг Бухоро вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.