2 Феврал 2024 йил 1097

Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов Олот туманидаги маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди ҳамда Олот бекатида ХТБ бўлинмаси ходимлари билан амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан йўриқнома ўтказди

Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов Бухоро вилоятида хизмат сафари билан бўлиб, шаҳар ва туманларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни бирма-бир таҳлил қилиб, бу борада келгусида бажарилиши лозим бўлган ишларни белгилаб бермоқда.

Олот туманида бўлган ўрганишларда дастлаб, туман ИИБ фаолияти билан танишилди.

Бунда, бугунги куннинг энг устувор масалаларидан бири ҳисобланмиш ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли "яшил" ҳудудларга айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар суратини ошириш борасида туман сектор раҳбарлари, тегишли масъулларга манзиллари аниқ топшириқлар берилди.

Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов Олот туманининг «Арабхона» маҳалласида бўлди.

Ушбу маҳаллада бугунги кунда 2063 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ички ишлар вазири ўринбосари маҳалладаги фаоллар, нуронийлар, «еттилик» вакиллари билан бўлган суҳбатда ҳудуд аҳолисини ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка, ҳунармандчиликка йўналтириш кераклигини айтиб, пировардида жиноятчиликни олдини олиш зарурлиги борасида ўз тавсияларини берди.

Маҳалланинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар, шунингдек, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган қўшма Қарор ижроси бўйича белгилаб берилган вазифаларни тезкор ва самарали ҳал этиш чораларини кўриш, тез фурсатларда ушбу маҳаллани "яшил" ҳудудга айлантириш зарурлиги борасида ҳам тегишли кўрсатмалар берди.

Ички ишлар вазири ўринбосари Бухоро вилояти Транспортда ХТБ "Олот" бекатида ХТБ ходимлар билан учрашди.

Бунда, 2024 йил учун мўлжалланган бир қатор манзилли чора-тадбирларни жадаллаштириш, хусусан темир йўл транспортида йўловчи фуқаролар ва ташилаётган юк вагонларининг хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ходимлар ўртасида хизмат ва ижро интизоми, қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишлари, ходимларнинг хизмат фаолияти устидан кунлик назоратни кучайтириш, коррупцияга йўл қўймаслик бўйича бир қатор вазифалар берди.

Text to speech