Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Ромитан туманининг Газли шаҳрида криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди
Вазири ўринбосари шаҳар ва туманларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар бўйича ўрганишлар олиб бормоқда.
Ромитан туманининг Газли шаҳарчаси Бухоро вилоятнинг энг олис ҳудудларидан бири ҳисобланади ва навбатдаги манзили айнан шу ҳудуд бўлди. «Газли» маҳалласида «бешлик» вакилларининг ҳамкорлигида жиноятчиликни олдини олиш борасида олиб бораётган ишлари билан танишди.
Шунингдек, маҳалланинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, салмоғи юқори бўлган жиноятларни олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлаш кераклиги борасида алоҳида кўрсатмалар берди.
Ташриф давомида Илгари судланган, узоқ муддатга кетган, ҳамда 10-тоифадаги оилаларнинг вояга етмаган фарзандлари билан алоҳида индивидуал шуғулланиш зарурлиги, уларни муаммосини ўрганиб, тезда бартараф этиш чораларини кўриш борасида аниқ ва муддатлари белгиланган топшириқлар берилди.
Профилактика инспекторлари билан бўлган суҳбатда хизмат планшетлари билан таъминланганлиги ва спиртли ичимликка ружу қўйган шахсларни реабилитация қилишда профилактика инспекторига яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Бундан ташқари, Газли шаҳарчасида барпо этилган спорт комплексда ҳудуд ёшларининг мунтазам равишда спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган бўлиб, бу ерда спортнинг мини футбол, волейбол ҳамда спрот турлари бўйича тўгараклар ташкил этилганлиги кўрилди.
Вазири ўринбосари генерал-майор Б.Абдуллаев вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олишнинг энг самарали усулларидан бири уларни спортга қизиқтириш эканлигини таъкидлаб, маҳаллий ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида уларни спорт комплексига жалб қилиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Газли шаҳрида бўлган ўрганишлари давомида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликни олдини олиш мақсадида замонавий ахборот технологияларини жорий этган ҳолда видео кузатув камералари орқали ҳудудни назорат қилиш кераклиги борасида ҳам ҳудуд раҳбарларига алоҳида вазифалар юклатилди.
Вазир ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг бу каби ўрганишлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.