Ички ишлар вазирлиги масъуллари бошчилигида Бухоро вилоятида ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари учун ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни олдини олиш масалаларига бағишланган амалий ўқув машғулоти ўтказилди
Мазкур тадбир ахборот хавфсизлигини таъминлаш, кибержиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ташкилий ва профилактик чораларни такомиллаштириш, соҳада хизмат олиб бораётган раҳбар кадрларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Ўқув машғулоти доирасида ички ишлар органларининг ҳудудий раҳбарларига:
-ахборот-коммуникация технологиялари асосида амалга оширилаётган жиноятларнинг турлари ва уларнинг таҳлили;
-замонавий киберфирибгарлик усуллари ва уларга қарши курашиш йўллари;
-электрон тўлов воситалари орқали амалга ошириладиган жиноятларни аниқлаш ва олдини олиш методлари;
-маълумотлар базаларининг ҳимояси, ахборот тизимлари орқали содир этиладиган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш усуллари ҳақида амалий маълумотлар ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, тадбирда иштирокчиларга ички ишлар органлари фаолиятида ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, жамоат хавфсизлиги, кузатув камералари ва интеллектуал тизимлар орқали кибержиноятларга қарши самарали мониторинг ўрнатиш бўйича янги ёндашувлар таништирилди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби машғулотлар ички ишлар органлари ходимларининг замонавий таҳдидларга қарши курашишда тайёргарлик даражасини ошириш, ахборот майдонида юзага келаётган хавф-хатарларни олдиндан бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.