15 Декабр 2023 йил 1829

Ички ишлар вазирлиги ҳомийлигига берилган Бухоро шаҳридаги 24-сонли кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Бухоро шаҳридаги 24-сонли кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати дастлаб, 1953-йилда тўлиқсиз ўрта маълумот берувчи мактаб-интернати сифатида ташкил қилинган. Мактаб иш бошлаган биринчи ўқув йилида 7 нафар ўқувчи таҳсил олган бўлса, ҳозирги кунга  келиб, уларнинг сони 287 нафарга етди.

Жорий йилда давлат дастури доирасида мазкур таълим муассасаси учун 324 ўринли янги ўқув биноси қурилиб, 150 ўринли ошхона ва 200 ўринли ётоқхона капитал реконструкция қилинди. Ушбу лойиҳа учун 13 миллиард сўм маблағ ажратилди. Эндиликда Нурли маскан замонавий кўринишга эга бўлиш билан бир қаторда ҳар томонлама қулай шарт-шароитларга эга бўлди. Шунингдек, таълим муассасасида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан кўзи ожиз болалар учун мўлжалланган йўл ҳаракати хавфсизлиги майдончаси қуриб берилди.

Бугун, 15 декабрь куни ушбу муассаса ташкил этилганлигининг 70 йиллиги ҳамда янги бинонинг очилиш маросими ўтказилди.

Тантанали тадбирда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов, бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари, Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, таълим даргоҳи ўқитувчилари ва ўқувчилари, ҳамда меҳнат фахрийлари иштирок этдилар.

Унда сўзга чиққанлар бугун юртимизда давлатимиз раҳбари бошчиликларида соғлом болалар қаторида, имконияти чекланган болаларнинг ҳам сифатли таълим олишлари ва уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларига ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик кўрсатишга эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлашди.

Шундан сўнг, янги бинода ўқувчиларнинг таълим тарбия олиши учун яратилган шароитлар билан танишилди.

Ўқувчилар томонидан ижро этилган ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Text to speech