2 Сентябр 2025 йил 159

Ички ишлар вазирлигига бириктирилган Бухоро шаҳридаги 32-сонли умумтаълим мактабида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан "Билимлар куни" тадбири ўтказилди

Янги 2025–2026 ўқув йилини ўзига хос тантаналар билан қарши олган Бухоро шаҳридаги 32-сонли умумтаълим мактабида "Билимлар куни" муносабати билан ўтказилган тадбир ҳар жиҳатдан катта аҳамият касб этди. Тадбир давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутадиган таълим соҳасига бўлган эътиборнинг амалдаги ифодаси, ёш авлодга бўлган ғамхўрлик ва эътибор намунаси бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарининг топшириғига биноан умумий ўрта таълим мактабларига ташкилий ва тарбиявий-методик жиҳатдан манзилли кўмаклашиш ишлари доирасида 32-сонли умумтаълим мактаби Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасига бириктирилган эди. Ушбу ҳамкорлик нафақат таълим сифатини ошириш, балки ёшлар тарбиясида маънавий-маърифий муҳитни кучайтиришда ҳам муҳим омилга айланмоқда.

"Билимлар куни" муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Ички ишлар вазирлиги, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси масъуллари, шаҳар ҳокимлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари, мактаб педагоглари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари фаол иштирок этдилар.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар таълим соҳасини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш мақсадида яратилаётган шарт-шароитлар, айниқса, замонавий таълим муассасаларининг барпо этилаётгани ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Тадбирнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири бу мактаб остонасига илк бор қадам қўйган 1-синф ўқувчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари топширилган онлар бўлди. Бу каби эътибор ва рағбатлантириш чоралари орқали болаларда таълимга нисбатан қизиқиш уйғотилади, уларда Ватанга муҳаббат ва фидойилик руҳи шаклланади.

Тадбир доирасида ўқувчилар томонидан ижро этилган Ватан, билим ва келажак мавзуларидаги шеърлар, куй ва қўшиқлар тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашди. Ушбу чиқишлар ёш авлоднинг салоҳияти, маънавий етуклиги ва дунёқарашининг кенгайиб бораётганидан далолат берди.

Тантанадан сўнг масъуллар ва мактаб педагоглари иштирокида барча синфларда “Мустақиллик дарслари” ўтказилди. Ушбу махсус маърифий дарсларда Ўзбекистон мустақиллигининг тарихий аҳамияти, унга эришиш йўлида халқимиз томонидан қўйилган саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Бу дарслар ўқувчиларнинг Ватан туйғуси, тарихий хотира ва фахр туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.

Ҳар бир янги ўқув йили – янги мақсадлар, янги интилишлар ва янги имкониятлар даври. Таълим муассасалари билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги бундай самарали ҳамкорлик, шубҳасиз, ёш авлод тарбиясида, уларни маърифат ва Ватанпарварлик руҳида камол топтиришда муҳим ўрин тутади.

Бухоро шаҳридаги 32-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган "Билимлар куни" тадбири бунинг ёрқин исботидир. Ёшлар таълиму-тарбияси йўлидаги бундай эзгу амаллар, албатта, юртимиз келажаги бўлган ёш авлоднинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Text to speech