Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов томонидан Бухоро шаҳар "Тошмасжид" маҳалласида жиноятчиликнинг фуқаробай муҳокамаси ўтказилди
Маълумки, бугунги кунда “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисида”ги 10-сон қўшма Қарордан келиб чиққан ҳолда “фуқаробай” ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ва хавфсиз ҳудудга айлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этиш борасида ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида маҳаллада фаолият олиб борувчи бешлик имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилоятида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчилик ҳолати жойида муҳокама қилиб борилмоқда.
Жумладан, бугун, 14 июль куни жиноятчиликнинг навбатдаги “фуқаробай” муҳокамаси бошқарма бошлиғи полковник Миржамол Миралимов томонидан шаҳар ҳокими бошчилигидаги масъул соҳавий хизматлар раҳбарлари ва маҳалла мутасаддилари иштирокида Бухоро шаҳри “Тошмасжид” маҳалласида ўтказилди.
Мазкур маҳаллада ўтган ҳисобот йили ҳамда жорий йилнинг шу даврига қадар бирорта ҳам жиноят содир этилмаган бўлиб, ушбу ҳудуд “яшил тоифа” сирасига кирган.
Аммо куни кеча мазкур маҳаллада икки таниш фуқаронинг спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда ўзаро жанжаллашиб қолиши натижасида мудҳиш қотиллик жиноятининг содир этилиши, маҳалла криминоген вазиятининг салбий томонга ўзгаришига олиб келди.
Гап шундаки, 2023 йилнинг 10 июль куни соат тахминан 18:20 ларда Бухоро шаҳар А.Темур маҳалласида яшовчи, 1977 йилда туғилган Ш.Т. Бухоро шаҳар Тошмасжид маҳалласидаги боғ-ҳовлида таниши Бухоро шаҳар Пиридастгир маҳалласида яшаган, 1968 йилда туғилган Р.Р. билан спиртли ичимлик ичган маст ҳолатда ўзаро жанжаллашиб қолиши натижасида, ёнида бўлган ёғоч дастали хўжалик пичоғи билан Р.Р. нинг ҳаёти учун муҳим бўлган ўнг томон қўлтиқости, чап кўкрак ва кўкрак марказига уч маротаба уриб, қасддан одам ўлдириш жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан Ш.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчига нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Муҳокамада маҳалла ҳудудида содир этилган мазкур жиноятнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига имкон берган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ушбу "Тошмасжид", "А.Темур" ва "Пиридастгир" маҳаллаларининг бешлик вакиллари айниқса профилактика инспекторларининг ҳисоботлари тингланди.
Жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни олдини олиш чораларини кўрмаган ушбу маҳаллалар мутасаддиларига нисбатан кескин таъсир чораларини қўллаш юзасидан қарор қабул қилиниб, келгусида қўшма қарор асосида ушбу маҳаллалар бешлик вакилларининг ҳамкорликдаги вазифалари, жиноятчиликни барвақт олдини олишга доир “хонадонбай”, “оилабай” ва “фуқаробай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, айниқса ишлаш ёки бошқа мақсадларда чет элга чиқиб кетган ва чет элдан қайтиб келган фуқаролар билан ишлашнинг замонавий методларини қўллаш, тааллуқли идоралар вакиллари билан узвий ҳамкорлик қилиш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.