3 Июн 2022 йил 509

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев Қоровулбозор туманидаги “Бухоро агрокластер чорва” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди

Мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни кенг йўл очиш, бунда кооперация тизимидан самарали фойдаланган ҳолда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларга даромад топиши учун имкон бериш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг мавжуд муаммоларини манзилли бартараф этиш борасида бир қатор ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқароларимизнинг кундалик ҳаётида ҳам амалий натижаларни кўрсатмоқда.

Қоровулбозор туманида ҳам бу йўналишда бир қатор манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 3 июнь куни вилоят 3-сектор раҳбари Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев Қоровулбозор туманидаги “Бухоро агрокластер чорва” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди.

Маълумот ўрнида: Мазкур чорвачилик мажмуасининг умумий ер майдони 11 гектарни ташкил этади. Бундан ташқари, қорамоллар озуқаси учун 419 гектар ер майдони ҳам ажратилган.

Ҳозирги кунда жамиятда 79 нафар ишчи-ходимлар, шундан 14 нафар аёллар иш билан таъминланган.

Қўшимча равишда 7 нафар иш ўрни яратилиб, ҳудуднинг ишсиз, “Темир дафтар”лар рўйхатида турган фуқароларини ишга қабул қилиш жараёнлари олиб борилмоқда.

Комплекснинг кенгайтирилиши ҳисобидан яна 50 та қўшимча иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

Чорва комплексида йирик шохли 1385 бош қорамоллар мавжуд бўлиб, шундан 477 бош сутли сигирлар ва 435 бош бузоқлар соғлом парвариш қилинмоқда.

Ушбу корхона томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини моддий қўллаб қувватлаш мақсадида кам таъминланган оилаларга кооперация усулида имтиёзли кредит асосида 122 бош зотли қорамоллар етказиб берилиб, уларнинг парвариши алоҳида назоратга олинган.

Масъуллар чорва комплекси томонидан кооперация усулида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз қатламига чорва молларни имтиёзли кредит асосида етказиб бериш борасида амалга ошираётган ишлари ва бу йўналишдаги мавжуд имкониятлар ҳамда муаммоларини ўрганиб, ўзларининг бир қатор тавсияларини бердилар.

Text to speech