Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг Чуруқ овулига ташрифи ҳудуд аҳлига ҳақийқий байрамона кайфият улашди
Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи 3 сектор раҳбари полковник Миржамол Миралимов Шофиркон туман марказидан 110 км. узоқликда жойлашган, Қизилқум кенгликларига туташ, туманнинг Шароф Рашидов маҳалласига қарашли Чуруқ овулида бўлди.
Байрам арафасида туман Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан тиббий кўрик ташкил этилди.
Бундан ташқари, овулликларнинг суюлтирилган маиший газ баллонларига эҳтиёжи ўрганилиб, уларнинг бу борадаги таклифлари тингланди.
Туман газ таъминоти бўлими масъуллари томонидан аҳолининг кундалик эҳтиёжда фойдаланиб келаётган суюлтирилган газ баллонлари янгисига алмаштириб берилди.
Байрам муносабати билан ҳудудда 16 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдоси ташкил этилди. Чуруқликлар мазкур ярмаркада кундалик эҳтиёждаги озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамёнбоп нархда харид қилдилар.
Овулда Мустақилликнинг 32 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ИИБ бошқармаси бошлиғи Миржамол Миралимов, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар "инсон қадри учун" тамаойили асосида амалга оширилаётгани айтиб, овул аҳлини Истиқлолнинг 32 йиллик тўйи билан самимий муборакбод этди.
Байрам муносабати билан жорий йилда мактабга илк қадам қўяётган 5 нафар чуруқлик болажонларга 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси”ни топширди.
Байрамона дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Нуронийлар дуога қўл очиб, Мустақиллигимизнинг абадий бўлиши, тинчлигимизга кўз тегмаслиги, оилалар фаровонлиги, дастурхонлар тўкинлигини сўраб дуога қўл очдилар.
Бошқарма бошлиғи қайта қурилиши режалаштирилган 39-мактаб лойиҳаси юзасидан оқсоқоллар, фахрийлар билан учрашиб, уларнинг таклифларини ўрганди.
Мулоқот давомида овулга олиб келувчи йўл ҳолатини яхшилаш борасида ҳам сўз юритилиб, амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.