Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган Жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
Жамоатчилик кенгаши бу ҳар қандай тизимнинг ойнаси ва халқ билан мулоқотини таъминлаш борасидаги чинакам кўприкдир.
Шу ўринда, Ички ишлар вазирининг 2023 йил 11 мартдаги буйруғи билан ички ишлар органлари жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги низом ва намунавий таркиби тасдиқланди.
Бугун 17 июнь куни ИИВ ҳузурида видеоселектор тарзидаги барча ҳудудий ички ишлар органларидаги жамоатчилик кенгашлари иштирокида онлайн учрашув ўтказилди.
Тадбирни Ички ишлар вазирнинг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов очиб, йиғилганларга жамоатчилик кенгашининг раиси, ўринбосари ҳамда барча аъзоларини бирма-бир таништириб ўтди.
Ушбу онлайн учрушувда Бухоро вилояти ИИБ студиясидан ҳам қатор масъуллар ва жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди. Учрашувдан сўнг вилоят кенгашининг ҳам муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Унда бошқарма бошлиғи ўринбосари — ММИ ва КБТХ бошлиғи подполковник Умид Утаев томонидан Кенгашни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар, тизимнинг очиқлигини таъминлаш, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни рўйи-рост кўрсатиш ва ўз ўрнидан муносабат билдириш каби масалаларда тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, бошқарма Ахборот хизмати бошлиғи подполковник Шуҳрат Жалолов томонидан жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида вилоят ИИБ Ахборот хизмати ва унинг қуйи хизматлари томонидан ОАВ ва интернет тармоқларда вилоят ички ишлар органлари фаолиятига оид телевидение, радио, даврий нашрларида ва интернет тармоқлари орқали тарқатилган ахборотлар хусусида маълумот берилди.
Бошқарма ва идораларнинг тегишли Медиа-режалари асосида жорий йилнинг 5 ойи давомида соҳавий хизматлар ҳамда ҳудудий ИИО масъуллари иштирокида 9 та матбуот анжумани, брифинг ва пресс-тур каби медиа тадбирлар ўтказилди.
Шу билан бирга, ИИО раҳбар ходимларининг ОАВда чиқишлари ҳам ташкил этилган.
Жорий йилнинг беш ойи давомида ИИО билан боғлиқ тарқатилган салбий ахборотлар ва улар бўйича ОАВда берилган муносабатлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Тадбирда ички ишлар органларини рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва янги жорий этилаётган платформалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Таъкидлаш жоизки, бошқарманинг расмий веб-сайти www.bviib.uz замон талабларига мос равишда яратилган бўлиб, мукаммаллашиб бормоқда.
Вилоят корхона ва ташкилотлари орасида жойланаётган маълумотларнинг долзарблигига қараб доимо етакчилик қилиб бормоқда.
Вилоят ИИБ Жамоатчилик кенгаши раиси — Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Жасур Болтаев йиғилиш иштирокчиларига белгиланган муҳим вазифаларни тушунтириб, кенгаш фаолияти ва муаммоларни ҳал этишдаги ҳамкорлик юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Хусусан, жамоатчилик кенгашининг ташкил қилиниши муҳим масала эканлиги, ҳамда унинг аъзолари ходимлар фаолиятини шаффоф таҳлил қилиш, кузатиш ва хулосавий фикр билдиришда ўзига хос янгича ёндашув жорий этилиши кераклиги, бу эса иш самарадорлигини оширишга, халқ осудалиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда албатта ўз самарасини беришига умид билдирди.
Жамоатчилик кенгаши аъзолари Ички ишлар органлари ходимларининг халқ билан мулоқоти, муомала маданияти ҳамда психологик ҳолатларини барқарорлаштириш борасида ўзаро ҳамкорликка тайёр эканликларини айтиб ўтишди.
ОАВ вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар ички ишлар органларидаги ислоҳотлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида сўз юритиб, уларни бартараф этиш билан бирга кенгаш фаолиятини ривожлантириш борасида ўз таклифларини илгари суришди.
Видеоселекторда ташкил этилган жамоатчилик кенгашининг дастлабки натижалари, йўлга қўйилган иш услублари кўриб чиқилиб, бу борадаги фикрлар тингланди.
Ўтказилган Жамоатчилик кенгашининг дастлабки йиғилиши турли фикрлар янги ғоялар ва таклифларга бой бўлди. Энг муҳими бир нечта йўналишларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.