Ички ишлар органи хизматини маънан юксак, касбга садоқат ва фидойи халқчил профессионал тузилмага айлантириш йўлидаги амалга оширилган муҳим ислоҳот
Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, энг асосийси, бугунги ислоҳотлар бош мақсади бўлган — инсон қадрини қарор топтириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси ва прогрессив ғоялари асосида ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар — тизимни халқ манфаатларига хизмат қиладиган, аҳолининг кунлик муаммолари билан ҳамнафас ишлайдиган, халқпарвар тузилмаларга айлантирмоқда, десак хато бўлмайди.
Албатта, ислоҳотларнинг самарали бўлиши тизимли ва комплекс ёндашувни талаб этиб, натижадорлиги эса кадрлар салоҳияти даражасига бевосита боғлиқ. Шу боис ҳам ички ишлар органларида кадрлар сиёсатига доимий эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим вазифа сифатида қаралмоқда.
Шу ўринда бир масалага эътибор қаратсак. Тизимга қанчалик янги тузилмалар, иш услублари киритилиб, шахсий таркиб замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминланмасин, улардан ақл билан фойдалана олмаса, ходимда билим, маҳорат, маънавият ва садоқат етишмаса, бундай куч тузилмасини ишончли ва халқчил, деб бўлмайди. Шуни чуқур англаган ҳолда, сўнгги икки йилда ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни кучайтириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш масаласига тизимли ёндашилмоқда.
Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январь кунидаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йоъналтириш боъйича қоъшимча чора-тадбирлар тоъғрисида”ги ПҚ-10-сонли қарорида Ички Ишлар Органларида Кадрлар салоҳиятини ошириш замон талаби ва долзарб вазифа эканидан келиб чиққан ҳолда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва Кадрлар билан таъминлаш Департаменти фаолиятини инновацион техналогиялар асосида янада такомиллаштиришнинг бир қатор янгича устувор йўналишлари белгиланди.
Ички ишлар органларида кадрлар сиёсатини олиб бориш борасидаги ушбу муҳим қадам сабабли, кадрлар билан ишлаш соҳаси трансформация қилинди. Яъни ИИВ Кадрлар бош бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти сифатида қайта ташкил этилиб, Маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси тасдиқланди.
Табиийки, кадрлар билан ишлаш соҳасининг вазифалари ҳам янги тизимнинг стратегияларидан келиб чиқиб ўзгарди. Бу борада маънавий-маърифий ишлар фаолиятнинг бош мезонига айланди.
Шунингдек, ички ишлар органлари соҳасига узлуксиз ўқув-карьера ва ИИВ Академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш тизими жорий этилгани ходимлар маънавияти ва онгини ўзгартириши билан бирга, тизимда интизом ва қонунийлик муҳитини қисқа вақт ичида ижобий томонга силжита олди. Лекин ҳали тизимда муаммолар ва камчиликлар, айниқса, ходимларнинг муомала маданияти ва касбий салоҳияти билан боғлиқ камчиликлар учраб тургани соҳада қилиниши керак бўлган масалалар кўплигини кўрсатмоқда.
Шунинг учун ҳам юқорида қайд этилган қарорни қабул қилиш зарурати Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тизимли режаларидан ўрин олди.
Хусусан, қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлган “Ички ишлар органларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси”ни қабул қилиш ташаббуси бундан бир йил олдин давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган эди. Ушбу ташаббус амалий тус олиши ва ривожланиши учун Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилди.
Таъкидлаш жоизки, янги қабул қилинган қарор ички ишлар органларида кадрлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжат шахсий таркиб ўртасида нафақат “темир интизомни” таъминлаш, балки соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун замин яратиши билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.
Чунки қарор билан ички ишлар органлари хизматига номзодларни қабул қилиш, кадрларни тайёрлаш, уларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, таълим сифатини кўтариш, илмий ҳамда психологик фаолиятни ривожлантириш, жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражасини юксалтириш ҳамда хизмат ўташ масалаларида ва албатта, соҳани рақамлаштириш бўйича ҳам катта ўзгаришларга қўл урилди.
Ушбу режалар ва лойиҳаларни амалга ошириш учун алоҳида комплекс чора-тадбирлар “Йўл харитаси” тасдиқланди. Шунингдек, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида 6 устувор йўналиш белгиланди. Қолаверса, департамент низоми ҳам қабул қилинди.
Энди бевосита қарор мазмунига тўхталадиган бўлсак, “Ички ишлар органларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси” ички ишлар органлари тарихида илк бор қабул қилинмоқда. Унга қадар фаолиятимизда фақат “Ички ишлар органларининг интизом устави”га амал қилиб келинган. Ушбу уставнинг асосий предмети ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жазолаш фаолиятини тартибга солишдан иборат бўлган.
Янги қабул қилинган кодекс ходимларни маънавиятли, садоқатли, халқпарвар этиб тарбиялаш, уларда ҳалоллик, юқори масъулият ҳамда одоб-ахлоқ нормаларига сўзсиз риоя этиш ҳиссини шакллантириш, ножўя ҳаракатлар ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
Шунингдек, кодекс — касбий маданият қоидалари, унга амал қилиш мажбурияти, ходимларнинг хизматдан ташқари вақтдаги одоби, хизмат интизоми талаблари, раҳбар ва ходимнинг ўзаро муносабати, бошлиқнинг мажбурияти ҳамда рағбатлантириш ва интизомий чоралар қўллаш тартибларини ўз ичига олган.
Албатта, кодексни тасдиқлаш ва тартибларни белгилаш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Шу нуқтайи назардан келиб чиқиб, унга амал қилишнинг қатъий талаблари ва шартлари ҳам белгиланди. Масалан, ҳар бир ходим, у раҳбар бўладими ёки оддий ходим, барчаси кодексга сўзсиз риоя этиши, унинг талабларини ўзлаштириши ва бўйсуниши шарт. Бундан буён ходимнинг фаолиятини баҳолашда кодекс талабларини билиши ва унга амал қилиши асосий мезонлардан бири сифатида қаралади.
Кодекс талабларига бўйсунмаслик эса хизматдан бўшатишгача бўлган қатъий чораларни қўллашга асос бўлади. Шунингдек, барча даражадаги раҳбарлар кодекс талабларининг бажарилишига қаратилган маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни амалга ошириш бўйича шахсан жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, эндиликда ходимлар дастлабки синов муддати даврида кодекс қоидалари ва талабларини бузган ҳолларда уларга бириктирилган мураббийлар айблилик даражасидан келиб чиқиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазога тортилади. Шу тариқа мураббийлар масʼулияти кескин оширилади.
Қарорнинг муҳим янгиликларидан яна бири, бу — ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш.
Шу мақсадда, ИИВ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат маслаҳат-кенгаш органи, яъни жамоатчилик кенгашлари тузилади.
Жамоатчилик кенгашларини тузиш масаласи биринчи навбатда, демократик жамиятнинг муҳим шарти ва хусусиятларидан бири ҳисобланади. Иккинчидан, ушбу институт замон талаби ҳамда ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, жорий этилмоқда. Жамоатчилик кенгашлари фаолиятининг самарали йўлга қўйилиши, ишонамизки, санаб ўтилган масалаларда ўзининг аниқ натижасини бериб, фаолиятга ижобий таъсир кўрсатади.
Бундан ташқари, синов муддати қисқа — уч ой эди. Буларнинг барчаси ёш ходимларни хизмат вазифасини лозим даражада бажара олмаслигига, кўплаб хатоликларга йўл қўйишига сабаб бўлган.
Жорий этилаётган тартиб бўйича энди хизматга фақат салоҳиятли номзодлар танлаб олинади ва бошланғич касбий билим ва кўникмаларни эгаллаганидан сўнг уларга хизмат қилиш учун рухсат берилади.
Шубҳасиз, ушбу янги тизим ички ишлар органлари шахсий таркибининг сифат жиҳатидан ўзгаришида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қабул қилинган қарор ички ишлар органларини аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлаш ва фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлишни таъминлашга, ходимларнинг маънавий-ахлоқий фазилатлари юксалишига, ватанпарварлик ва садоқат ҳисси кучайишига, тартиб-интизом ва қонунийлик мустаҳкамланишига, ходимларда билим ва профессионализм ҳамда масъулиятнинг ортиши эвазига иш натижалари ўсишига, аҳолининг чин розилигига эришишга хизмат қилади.
Жамол Джавкашев,
Жондор туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник