2 Ноябр 2022 йил 706

Ички ишлар органлари тизимида коррупцияга қарши кураш энг долзарб вазифа

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли Фармони ижросини таъминлаш борасида жойларда манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, ички ишлар органларида коррупцияга қарши курашишда чора-тадбирларни амалга оширишга масъул бўлган ходимларнинг бу каби салбий ҳолатларга қарши курашиши қолаверса, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида замонавий воситалар, шакл ва методлар бўйича билимлари, амалий кўникма ва малакаларини оширишга қаратилган Бухоро вилояти ИИБнинг тегишли буйруқ, кўрсатма ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган.

Шу асосда бугун, 2 ноябрь куни бошқарма бошлиғининг ўринбосари подполковник Умид Утаев бошчилигидаги масъуллар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда, жамиятда ўта долзарб масала саналган коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш, унга қарши курашиш ҳар бир давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаётганлиги, бу борада муваффақиятли тизимни барпо этиш, унга кўра кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, амалга оширилаётган ишларга танқидий ёндашган ҳолда миллий қонунчиликда белгиланган қонун-қоидаларни амалиётга татбиқ этишни тақозо қилиши ҳақида сўз юритилди.

Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир ходим ўз ҳиссасини қўшиши зарурлиги таъкидланди.

Шу ўринда, ходимларда коррупцияга, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданиятининг шаклланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги, бунда қонунбузарликлар содир этилишига, кўпайишига ходимларнинг бефарқ ва лоқайд бўлмасликларига урғу берилди.

Text to speech