Ички ишлар органлари учун раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш — долзарб вазифа
Маълумки, мамлакатимизда раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришда асосий эътибор ходимларнинг зарурий касбий, ишбилармонлик, шахсий ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, етук салоҳиятли, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўла оладиган, эгаллаган лавозимида ўзини ижобий томонидан намоён қилган ва қисқа муддатда раҳбарлик лавозимларини эгаллашга лойиқ бўлган юқори малакали ходимларни танлаб олишга қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамовнинг тегишли фармойишига асосан жорий йилнинг 15-18 ноябрь кунлари ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти масъул ходимларидан тузилган ишчи комиссия аъзолари Бухоро вилояти ички ишлар органларида раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш билан боғлиқ амалга оширилган ишлар аҳволи билан яқиндан танишди.
Бухоро вилояти Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиб келаётган ИИВ Академияси Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети ҳамда ИИВ Академияси магистратура босқичини ўқиб тамомлаган ҳолда вилоят ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида фаолият олиб бораётган ходимлардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органларида кадрлар билан таъминлаш хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли буйруғи асосида раҳбар кадрлар захирасига киритилган номзодларнинг касбий, психологик, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини текшириш мақсадида синов имтиҳонлари қабул қилиниб, улар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди ва вилоят ички ишлар органларининг раҳбарлик лавозимларига амалдаги захира рўйхати шакллантирилди.
Бунда, раҳбар кадрлар захирасининг даражалари, лавозимлар номенклатураси, электрон маълумотлар базаси, номзоднинг истиқболлилиги ҳамда ошкоралик, холислик, рақобат, фаоллик, қарорни биргаликда қабул қилиш ва захирадан тайинлаш устуворлиги каби тамойиллар инобатга олинди.
Бу каби тадбирлар келгусида ички ишлар органларидаги раҳбар кадрлар захирасини яратиш, улар билан мунтазам ўқув машғулотларини олиб бориш, доимий ўз устиларида ишлашлари учун шарт-шароит яратиб мақсадида давом эттирилади.