3 Феврал 2023 йил 845

Ички ишлар соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 20 январда “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори имзоланди. Унга кўра Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланди.

Янги қабул қилинган Кодекс соҳа ходимларини маданиятли, виждонли, садоқатли, ҳалол бўлишга даъват этиб, юқори масъулият ҳамда одоб-ахлоқ нормаларига сўзсиз риоя этиш ҳиссини шакллантириш, шу билан бирга коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган. Ҳужжатда ходимларнинг хизматдан ташқари вақтдаги одоби, раҳбар ва ходимнинг ўзаро муносабати, бошлиқнинг мажбурияти бўйича нормалар ҳам белгилаб қўйилган. Ушбу соҳада фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим, у раҳбар бўладими ёки оддий ходим бўладими кодекс талабларини билиши ва унга амал қилиши асосий мезон бўлиб ҳисобланади.

Кодексдаги қоида ва талабларга амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш эса ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлади. Шунингдек, барча даражадаги раҳбарлар кодекс талабларининг бажарилишига қаратилган маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни амалга ошириш бўйича шахсан жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Кодексга кўра, номзодларни саралаш замонавийлашди. Шу пайтгача ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш тизими самарадорлик жиҳатидан анча эскирган, салоҳиятли номзодларни саралаб олиш имкониятини бермаётган эди. Қайд қилинган ҳужжат билан ушбу масала ҳам қайта кўриб чиқилиб, хизматга қабул қилишнинг мутлақо янги, такомиллашган замонавий механизми яратилади. Ходимни «Е-nomzod” ёпиқ ахборот тизимини яратиш орқали хизматга қабул қилиш йўлга қўйилади. Танлов икки: саралаш ва ўрганиш босқичларида амалга оширилади. Суҳбат тизими бекор қилинади. Номзод Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тест синовларини қабул қилиш ва психофизиологик (полиграф) текширувидан ўтказиш тадбирлари амалга оширилади.

Бўлажак ходим тестларни яхши ва аъло баҳога топширгач, кейинги босқичга қўйилади. Номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва шахсий йиғма жилдларни шакллантириш саралаш босқичидан ўтгандан сўнг амалга оширилади. Шунингдек, ҳужжат расмийлаштириш жараёнлари бюрократик тўсиқларни бартараф этиш нуқтаи назаридан соддалаштирилади.

Янги тартиб бўйича хизматга фақат салоҳиятли номзодлар танлаб олинади ҳамда бошланғич касбий билим ва кўникмаларни эгаллаганидан сўнг хизмат қилиш учун рухсат берилади. Дастлабки синов муддати эса бир йилгача узайтирилади.

Кодексда мураббийлик фаолиятини ташкил этиш жараёнини танқидий ўрганиш ҳамда мазкур йўналишни замон ва амалиёт талабларини инобатга олган ҳолда тубдан такомиллаштириш чораларини белгилаш кўзда тутилган. Ёш кадрларга бириктирилган мураббийлар фаолиятини ўрганиш орқали уларнинг касбий ўсишлари узлуксиз мониторинг қилиниши ташкил этилади.

Ҳужжатга кўра, ходимлар дастлабки синов муддати даврида кодекс қоидалари ва талабларини бузган ҳолларда уларга бириктирилган мураббийлар айблилик даражасидан келиб чиқиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазога тортилади. Бундан кўришимиз мумкинки, мураббийлар масъулияти ҳам кескин оширилади.

Ушбу қарорга кўра, Ички ишлар вазирлиги Академиясида ички ишлар органлари таълим муассасаларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш тизими йўлга қўйилиши, амалиётдаги кучли ходимларни педагог сифатида тайёрлаш ҳамда педагогларнинг мутахассисликларига соҳанинг ўзига хос хусусиятларини интеграция қилиш имкониятини яратади.

Қарорда шунингдек, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментига шахсий таркибнинг жисмоний, жанговар ва психологик тайёргарлигини янада яхшилашга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар қўйилди. Жумладан, ички ишлар органларида жисмоний ва жанговар тайёргарликни ташкил этиш концепциясини ишлаб чиқиш, малака тоифасини бериш тартиби ва мезонларини танқидий қайта кўриб чиқиш орқали уларни замон талабларига мос равишда малакалаш ва малакасига кўра, ҳақ тўлаш тартибини такомиллаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек, барча даражадаги ички ишлар органларининг жанговар шайлик ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишни назарда тутиб, спортнинг якка кураш турлари (қўл жанги, самбо ва кураш) бўйича ҳудудий терма жамоалар ва спорт секцияларини ташкил этиш, психологик хизмат кўрсатиш бўйича янги тизимни жорий этиш, унинг моддий-техник базасини ривожлантириш, мутахассисларни хорижий илмий ва таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни назарда тутувчи чораларни белгилаш вазифаси қўйилган.

Қарорнинг муҳим жиҳатларидан яна бири шуки, энди ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратилади.

Шу мақсадда, Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат маслаҳат – кенгаш органи, яъни жамоатчилик кенгашлари тузилади. Қарор билан кенгашларнинг ҳам вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Умуман олганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ички ишлар органлари соҳасидаги ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда ва бу ўзгаришлар халқпарвар бўлиб, инсон манфаатларини ифолайди. Буни қарорда белгиланган вазифалардан ҳам яққол кўриш мумкин.

Бухоро вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари -ЖХХ бошлиғи подполковник Ж.Ҳ. Болтаев.

Text to speech