Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухорода фаолиятини давом эттирмоқда
Айтиш жоизки, Вазир ташрифи амалий тадбирларга бой тарзда ўтмоқда. Ташрифнинг 2 кунида Бухоронинг кўҳна ва қадимий меъморий ёдгорлиги Арк қўрғони олдидаги майдонда бир гуруҳ ходимларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов кейинги вақтда Давлатимиз раҳбари томонидан янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида мамлакатимиздаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлида ички ишлар органлари ходимларининг хизматини янги босқичга кўтариш, улар учун барча зарурий шароитларни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Қайд этиш лозим, хавфсизликни таъминлаш борасида Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ишлар бугунги кунда республикада алоҳида ўрин топган.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан вилоятдаги 416 нафар профилактика инспекторлари хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида шахсий автомашиналар билан таъминланди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида ички ишлар органларининг 5 та маъмурий бинолари янгитдан қурилди, 22 таси капитал таъмирланди.
Саф бўлинмаларига жами 63 та транспорт воситалари берилиб, шундан 14 таси ҳокимлик ҳисобидан ажратилди.
Охирги икки йилда 65 нафар ходимлар имтиёзли кредитлар асосида уй жойга эга бўлди.
Сўзининг якунида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида муносиб хизмат шароитларини яратиш бўйича вилоят ҳокимиги билан яқин ҳамкорликка ижобий баҳо берди.
Шундан сўнг, юқорида айтиб ўтилган ишларнинг мантиқий давоми сифатида тадбирда вилоят йўлларида хавфсизликни таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан хизматда фойдаланиш учун 8 та хизмат автомашиналарининг калитлари йўл патрул хизмати инспекторларига тантанали равишда топширилди. Хизматда яхши натижаларга эришган бир гуруҳга ходимлар пул мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, профилактика инспекторининг ёрдамчиси лавозимида виждонан хизмат қилиб, профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлашда жиноятчиликни олдини олишда ёрдам берган профилактика инспекторининг 30 нафар ёрдамчиларини хизматга қабул қилинганлиги буйруғи тантанали равишда ўқиб эшиттирилди.
Тадбир якунида вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ўктам Барноев йиғилганларни мукофотлар билан табриклаб, жамоатчилик билан биргаликда олдинга қўйилган вазифаларни бажаришни ҳам таъкидлади ва келгуси хизматларига зафарлар тилади.
ИИВ Ахборот хизмати