4 Феврал 2020 йил 1610

Ички ишлар вазири “Бухоро тажрибаси” асосида амалга оширилган ишлар билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2019 йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида “Жорий йил охиригача аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, иш билан таъминлаш, жиноятчилик содир этмаслиги учун зарур чораларни кўриб, Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан боғлиқ барча масалалар бўйича энг намунали ҳудудга айлантиришимиз керак” дея таъкидлаган эди.

Қайд этиш лозим, ўтган давр мобайнида Бухоро вилоятида мазкур йўналишда ички ишлар органлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Бухорода бошланган ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар билан ишлаш тизими республиканинг барча ҳудудларида “Бухоро тажрибаси” сифатида кенг жорий этилмоқда.

Бухоро шаҳридаги Оила илмий амалий марказида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов мазкур йўналишда вилоятда йўлга қўйилган тизимли ишлар билан танишди. Учрашувда вилоятнинг барча шаҳар-туман Хотин-қизлар қўмиталари раислари, ИИБ тизимидаги Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар ва психолог ходимлар ҳамда бошқа ҳамкор идора ва ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этишди.

Амалга оширилган ишлар бўйича кўргазмали баёнот берган вилоят ИИБ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи подполковник Дилфуза Шаропова соҳада эришилган ютуқлар ва камчиликлар хусусида батафсил ахборот берди.

Жумладан, “Бухоро тажрибаси” асосида амалга оширилган ишлар натижасида 14.361 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва муаммоли хотин-қизлар ўрганилиб, 11.182 та муаммо аниқланганлиги, шундан 10.447 та муаммолар ижобий ҳал этилганлиги, ўз навбатида хотин-қизлар жиноятчилиги 383 тадан 163 тага ёки 220 тага ёхуд 57,4 фоизга камайишига эришилганлигини таъкидлади. Шунингдек, фаолият самарадорлигини ошириш борасида бир қатор таклифларини билдирди.

Шундан сўнг, Пўлат Бобожонов ижтимоий муаммоли, ҳар томонлама кўмакка муҳтож аёллар билан ишлаш давомида эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим муҳим жиҳатлар ҳақида тўхталди. Жумладан, нотинч оилалардаги муаммонинг асл сабабини аниқлаб, бартараф этиш чоралари кўрилмаслиги оғир оқибатли жиноятлар билан тугалланиши мумкинлигини билдирди. Хотин-қизлар жиноятчилигига энг асосий сабабларидан бири ишсизлик эканлигини инобатга олиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш борасидаги ишларни жадаллаштириш лозимлигини уқтирди. Тадбир якунида иштирокчиларнинг фикр мулоҳазалари тингланди.

Куннинг 2-ярмида Ички ишлар вазири П.Бобожонов вилоятнинг айрим ҳудудларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини таъминлаш борасида йўлга қўйилган фаолият билан танишди.

Хусусан, Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган Қоракўл тумани Ички ишлар бўлими биносидаги шарт-шароитлар билан танишар экан, ходимларнинг фаолиятини танқидий баҳолади. Шунингдек вилоятнинг чегарадош ҳудуди бўлмиш Олот туманидаги криминоген вазият ҳақида ички ишлар бўлими раҳбарлари билан суҳбатлашди.

Кун давомида ташриф буюрилган ҳудудий ички ишлар органлари раҳбар ва ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувларда жиноятлар таҳлили, фуқаролар билан олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари, профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жиноятларни жиловлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш, жамоат тузилмалари ва кўнгилли фуқаролар ёрдамида ташкил этилган тунги навбатчиликлар назоратини кучайтириш, бир сўз билан айтганда ички ишлар органларини халқчил идорага айлантириш борасида бажарилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

ИИВ Ахборот хизмати

Text to speech