18 Август 2023 йил 746

Ички ишлар вазири ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро шаҳар ИИО ФМБ, Ромитан ва Пешку туманлари ички ишлар бўлимлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий - маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида ўрганишлар олиб бормоқда.

Вазир ўринбосарининг навбатдаги ўрганишлари Бухоро шаҳар ИИО ФМБ, Ромитан ва Пешку туманлари ички ишлар бўлимларида бўлиб ўтди.

Ҳудудий ички ишлар органларида бўлган вазир ўринбосари аввало, маъмурий бинода ходимлар ва аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммоларга эътибор қаратди.

Ходимлар билан самимий мулоқот давомида ҳар бир ички ишлар органлари ходимининг белгиланган хизмат интизомига ҳамда қонунийликка амал қилиши, фуқаролар билан хушмумомалада бўлиши “Янги Ўзбекистон - янги ички ишлар органлари” тизимини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Ўрганишлар давомида шаҳар ва туманларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар бирма бир таҳлил қилинди.

Жараёнда содир этилган ҳар бир жиноятга сабаб бўлган омиллар илмий ёндашув асосида чуқур таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олиниб, аниқланган камчиликлардан зудлик билан хулоса чиқарган ҳолда аниқ муддатлари белгиланган, манзилли чора-тадбирларни белгилаш зарурлиги ҳам таъкидланди.

Ҳудудий ички ишлар органларида бўлган Ички ишлар вазири ўринбосари ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндашиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларга ташаккурнома ҳамда уларнинг ота-оналарига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Шу куни вилоят ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар давомида хизмат қилган фахрийларнинг ҳолидан ҳам хабар олинди. Тизимда амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар ҳамда келгусида «Устоз-шогирд» анъанасини амалиётга кенг жорий этиш орқали ёш ходимларни тарбиялашда фахрийларнинг тажрибасидан унумли фойдаланиш муҳимлиги борасида сўз борди. Соҳа фахрийлари кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун чексиз миннатдорчилик билдиришди.

Вазир ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг бу каби ўрганишлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Text to speech