16 Август 2023 йил 560

Ички ишлар вазири ўринбосари ҳудудий ички ишлар органларининг фаолиятини ўрганди

Илгари хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий - маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида бўлиб турибди.

Ички ишлар вазири ўринбосари ўзининг ўрганишлари давомида Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармаси, Когон шаҳри ва Қоровулбозор тумани Ички ишлар бўлимларига ташриф буюрди.

Ҳудудий ички ишлар органларида бўлган вазир ўринбосари аввало, маъмурий бинода ходимлар ва аҳолига яратилган шароитлар билан танишиб, мавжуд муаммоларга эътибор қаратди.

Ходимлар билан бўлган самимий мулоқот давомида ҳар бир ички ишлар органлари ходимининг белгиланган хизмат интизомига ҳамда қонунийликка амал қилиши “Янги Ўзбекистон - янги ички ишлар органлари” тизимини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Ўрганишлар давомида шаҳар ва туманларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилган ишлар аҳволи ҳам ўрганилиб, бу борада масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар бирма бир таҳлил қилинди.

Вазир ўринбосари ҳудудларда жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш, маҳаллаларни жиноятдан холи хавфсиз ҳудудга айлантириш борасидаги кундалик иш фаолиятининг самарадорлигини ошириш кераклиги, шунингдек, аҳолини қийнаётган муаммоларга жойида ечим топиш зарурлиги тўғрисида манзилли топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлардан зудлик билан хулоса чиқарган ҳолда аниқ муддатлари белгиланган, манзилли чора-тадбирларни белгилаш зарурлиги ҳам таъкидланди.

Вазир ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг бу каби ўрганишлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Text to speech