Ички ишлар вазири ўринбосарининг Бухоро вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий - маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида ўрганишлар олиб бормоқда.
Вазир ўринбосари вилоятнинг яна бир қатор туманлари, жумладан Когон, Бухоро, Вобкент ҳамда Шофиркон туманлари ички ишлар бўлимларига ташриф буюрди.
Ҳудудий ички ишлар органларида бўлган вазир ўринбосари аввало, маъмурий бинода ходимлар ва аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммоларга эътибор қаратди.
Ходимлар билан самимий мулоқот давомида ҳар бир ички ишлар органлари ходимининг белгиланган хизмат интизомига ҳамда қонунийликка амал қилиши “Янги Ўзбекистон - янги ички ишлар органлари” тизимини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Ўрганишлар давомида шаҳар ва туманларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар бирма бир таҳлил қилинди.
Шофиркон туманининг «Қалмақон» маҳалласи туман марказида жойлашган. Криминоген вазияти оғирлиги сабабли “қизил” ҳудуд сирасига киритилган. Визир ўринбосари маҳаллада жойлашган ҳуқуқ тартибот масканига ташрифи давомида "бешлик" вакилларининг ҳамкорликда жиноятчиликни олдини олиш борасида олиб борган ишлари билан танишди.
Ички ишлар вазири ўринбосари маҳалланинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар, шунингдек, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, салмоғи юқори бўлган жиноятларни олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлаш кераклиги борасида алоҳида топшириқлар берди.
Жараёнда содир этилган ҳар бир жиноятга сабаб бўлган омиллар илмий ёндашув асосида чуқур таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.
Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлардан зудлик билан хулоса чиқарган ҳолда аниқ муддатлари белгиланган, манзилли чора-тадбирларни белгилаш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Вазир ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг бу каби ўрганишлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.