22 Апрел 2023 йил 491

Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида «Намунали оила» кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди

“Соғлом оила — соғлом жамият” ғоясини татбиқ этиш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, ибратли оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштиришни мақсад қилган “Намунали оила” кўрик-танловида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг барча соҳавий хизматлари ҳамда ҳудудий органларида хизмат қилиб келаётган намунали оилалар соҳиб ва соҳибалари бўлган ходимлар ўз оила аъзолари билан жамоа бўлиб қатнашдилар.

Тантанада сўз олганлар юртимизда оилаларнинг мустаҳкам бўлиши учун яратилаётган шароитларга алоҳида тўхталиб ўтишди.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган жами 10 нафар ходимнинг оила аъзоларидан таркиб топган жамоалар 3 шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

Иштирокчилар «таништирув» шартида ўзларининг оиласи тўғрисида ижодий ёндашиб маълумот берган бўлсалар, «бу менинг оилам» шартида ходимлар ўзлари томонидан тайёрланган оилавий фото ва видео слайдларни намойиш этдилар. «Биз китобхон оиламиз» шартида эса иштирокчи ходимларнинг оиласида китоб мутоалаасига қай даражада эътибор берилгани аниқлаб олинди.

Кўрик-танлов шартларини бажариш давомида иштирокчи ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўз истеъдод ва ижодий қобилиятларини намойиш этдилар.

Оилаларнинг белгиланган шартлар бўйича тайёргарлиги ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Шартлар сўнгида оилавий жамоаларга қўйилган умумий балллар ҳисобланди.

Якуний натижаларга кўра, “Китобхон оила” номинасиясида — Жамоат тартибини сақлаш бошқармасидан иштирок этган Ачиловлар оиласи; “Ибратли оила” номинасиясида — Қоровулбозор тумани Ички ишлар бўлимидан иштирок этган Чориевлар оиласи; “Зукко оила” номинасиясида — Бухоро тумани Ички ишлар бўлимидан иштирок этган Ҳамроевлар оиласи ғолиб деб топилди.

Шунингдек, умумий натижаларга кўра 3-ўринни Пешку тумани Ички ишлар бўлимидан иштирок этган Боғиевлар оиласи, 2-ўринни Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолияти мувофиқлаштириш бошқармасидан иштирок этган Юсуповлар оиласи қўлга киритди.

Кўрик-танловга пухта тайёргарлик кўргани боис яққол устунлик билан фахрли 1-ўрин ва танловнинг республика босқичига иштирок этиш учун йўлланмани Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан иштирок этган Шукуруллаевлар оиласига насиб этди.

Ғолибларга бошқарманинг диплом, эсдалик совғалари ва пул мукофотлари топширилди.

Бу каби тадбирлар оилавий қадриятларни сақлашга, бахт қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишини таъминлашга ва бошқа оилаларга ҳаётий тажриба сифатида хизмат қилади.

Text to speech