9 Август 2023 йил 2284

Ижтимоий тармоқларда чақалоқ ташлаб кетилгани юзасидан тарқалган хабар бўйича расмий маълумот

Бугун, 9 август куни ижтимоий тармоқларда «Қаердадир кўчага чақалоқ ташлаб кетишибди.. Афсус. Ҳолат бўйича ҳали ички ишлар вазирлиги муносабат бермади» сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. 

Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. 

Жорий йилнинг 8 август куни соат 01:30 ларда Қоракўл тумани марказида тунги хизматга жалб этилган вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони туманлараро бўлинмаси сафдор ходими Шаҳзод Саидов ҳамда туман ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори катта лейтенант Ҳабиб Абдураҳмоновлар ўзларига бириктириб берилган йўналиш ҳудудида хизмат олиб бораётганларида туман Марказий касалхонасининг Гемодиализ бўлими рўпарасидаги Травм пункт биносининг орқа томонидан ўтаётганларида чақалоқ йиғисини эшитиб, шу атрофни синчковлик билан кўздан кечирганларида, девор ёнида яшил рангли пакет ичида ўғил бола жинсига мансуб, тахминан 3-5 кунлик соғлом ҳолатдаги чақалоқ борлиги аниқланган. 

Шу пайтнинг ўзида чақалоқ ички ишлар органлари ходимлари томонидан туман Тиббиёт бирлашмаси Болалар бўлимига ётқизилиб, зарурий биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва соҳа мутахассислари назоратига олинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу чақалоқ 2023 йилнинг 4 август куни яшаш хонадонида ҳеч қандай тиббиёт ходимларисиз соат тахминан 08:00 лар атрофида дунёга келтирилган ва 7 август куни соат 21:00 атрофида онаси: 1995 йилда туғилган, Қоракўл тумани «Мироб» маҳалласида яшовчи Б.З. исмли аёл томонидан ташлаб кетилгани фош этилган. 

Ҳозирги пайтда ҳолат ҳамда уни келтириб чиқарган сабаб ва омилларни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, якуни юзасидан қўшимча маълумот берилади.

Text to speech