5 Июн 2023 йил 513

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видео мурожаат юзасидан расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда “Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғи фирибгарларни ҳимоя қилмоқдами?” сарлавҳаси остида видео мурожаат эълон қилинди.

Мазкур видео мурожаат Бухоро вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганда аниқланишича, мурожаатда келтирилган важлар юзасидан Ғиждувон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаролар Ф.Ш ҳамда Ж.К.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида фуқаро Ф.Ш. гумон қилинувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб этилиб, сўроқ қилинган ва у билан боғлиқ зарурий тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Унинг жиноий шериги Ж.К. эса сиртдан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилиб, тўпланган ҳужжатлар бўйича айблов эълон қилинган.

Аммо тергов ҳаракатлари давомида айбланувчи Ж.К. суриштирув ҳамда дастлабки терговдан яшириниб, номаълум томонга қочиб кетган.

Жиноят иши бўйича айбланувчи Ж.К. ни дастлабки терговга жалб қилмасдан туриб, гумон қилинувчи Ф.Ш.нинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш ва уни айблаш учун асосларнинг етарли эмаслиги ҳамда айбланувчи Ж.К.нинг дастлабки тергов органларидан яшириниб юрганлиги сабабли жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПК.нинг 364-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан ҳаракатдан тўхтатилган.

Бугунги кунда мазкур жиноят иши бўйича айбланувчи Ж.К.ни қидириб топиш ва тергов ҳаракатларига жалб этиш борасида кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда “Қидирув” махсус тезкор тадбирлари амалга оширилмоқда.

Қидирув тадбирлари ижобий самара бериб, айбланувчи Ж.К.ни терговга жалб этиш имконияти яратилган тақдирда, мурожаат муаллифи ҳамда жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади.

Ҳурматли фуқаролар, ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқ кузатувчилари!

Шуни билингки, Ўзбекистон Республикаси ЖПК.нинг 23-моддаси (айбсизлик призумцияси) да “гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади”, шунингдек, “гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас”, ва “айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак” деган қоида белгилаб қўйилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб мазкур жиноят иши бўйича айбланувчи Ж.К. ни қидириб топиб, амалга оширилиши лозим бўлган тергов ҳаракатлари тўлақонли ўтказилмагунга қадар, гумон қилинувчи Ф.Ш.ни айбдор деб топиб бўлмайди.

Шу сабабли видеомурожаат муаллифи, ОАВ вакиллари, ижтимоий тармоқ кузатувчилари, блогер ва мустақил журналистлардан мазкур ҳолатни турлича талқин қилмасликларини, ҳуқуқ-тартибот органларининг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ҳатти-ҳаракатларни содир қилмасликларини сўраб, бу каби ҳатти-ҳаракатлар учун қонунда жавобгарлик назарда тутилганлигини маълум қиламиз.

Text to speech