Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видео юзасидан расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда "Қонуний талаб қўёлмаган ички ишлар ходими куч ишлатди" сарлавҳаси остида видео тарқалди.
Ушбу ҳолат Бухоро вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганда аниқланишича, жорий йилнинг 13 апрелдан 14 апрелга ўтар кечаси вилоят ИИБ ППХ батальони командири томонидан тасдиқланган кунлик тақсимотга асосан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ маъмурий ҳудудида автопатруллик хизматига жалб қилинган батальон ходимлари Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 1-сон ИИБ профилактика инспектори билан биргаликда хизмат ҳудудини айланиб юрганида, профилактик инспекторининг қўл телефонига Навоий шох кўчасида жойлашган “X-Game club” компьютер ўйингоҳи иш юритувчиси қўнғироқ қилиб, клуб ёнида 7-8 нафар нотаниш йигитлар ўзаро жанжал қилаётганликлари тўғрисида хабар берган.
Мазкур хабарга асосан соат тахминан 01:00 ларда автопатрул ходимлари ва профилактика инспектори воқеа жойига етиб борганлар, бироқ бу вақтда жанжал қилган шахслар кетиб қолганликлари сабабли уларни қидириб топиш мақсадида А.Сомий кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб бораётганларида, йўл четида 6-7 нафар шахсларнинг тўпланиб турганликларини кўрганлар ва берилган хабар асосида уларнинг шахсига аниқлик киритиш ва нима мақсадда юрганликларига ойдинлик киритиш учун уларни олдига бориб, фуқаролар билан суҳбат ўтказаётган вақтларида, уларнинг айримлари ўзини шубҳали тутганликлари сабабли, уларни яқин орада жойлашган 1-сон ИИБ га боришларини сўраганларида, мазкур фуқаролар ППХ ходимларининг ИИБ га бориш тўғрисидаги қонуний талабларини бажармай, уларга фаол қаршилик кўрсатишган.
Ушбу фуқаролар масъул ходимлар томонидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ га олиб борилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.
Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу фуқаролардан икки нафари Бухоро Турон Зармед Университети талабалари Т.Х. ҳамда А.А., яна икки нафари Бухоро Давлат Тиббиёт институтининг Туркия тиббиёт факультети 1-босқич талабаси П.Б. ҳамда С.С., бир нафари Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш ва муҳандислик институти, бир нафари Миллий тадқиқот университети Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти, яна икки нафари Бухоро муҳандислик технология институтининг 1-босқич талабаси А.А. ҳамда А.Р. лар эканликлари ҳамда тунги вақтда ҳеч қандай сабабсиз бемақсад юрганликлари аниқланган.
Ҳозирда, мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан суриштирув ва терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, фуқаролар П.Б. ва А.Р. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар ходимининг ички ишлар органларига бориш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик) ва фуқаро т.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 195-моддаси (Ички ишлар ходимининг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликга омма олдида ҳар қандай шаклда даъват қилиш) билан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига юборилган.
Жорий йилнинг 15 май куни Бухоро Турон Зармед Университети талабаси Т.Х. ўзининг “TikTok” ижтимоий платформасидаги “xurshid_torayev” номли Аккаунтига ўша тунда тасвирга олган ички ишлар органлари ходимлари билан бўлган ҳолат юзасидан олган видеосини ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантириш, платформада томошабин йиғиш ҳамда машҳурликка эришиш мақсадида жойлаштирган.
Мазкур ҳолатлар Бухоро шаҳар ИИО ФМБ масъул ходимлари томонидан ёшлар ўртасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида, ушбу талабалар таҳсил олаётган олий таълим муассасалари талабалари, уларнинг ўқитувчилари, ота-оналари иштирокида кенг муҳокама қилиниб, тунги вақтларда бемақсад юрмаслик, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига тўсқинлик қилмаслик, шахснинг шаъни, кадр қимматини камситувчи турли видео материалларни тарқатмаслик кераклиги, бунинг учун қонунда тегишли жавобгарлик белгиланганлиги борасида ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Фуқаролар билан ИИО ходимлари ўртасида бўлиб ўтган ушбу тортишув вақтида ходимлар хизмат кийимида, ҳушёр ҳолатда, белгиланган тартибда ўз хизмат вазифаларини олиб боришган.
Ходимларнинг ҳатти-ҳаракатларида интизом ва қонун бузилиш ҳолатлари аниқланмаган.