Ижтимоий тармоқларда тарқалган, "Олотда Гаи ва Солиқчи ким ҳак?" рукни остидаги видео юзасидан расмий маълумот
2023 йилнинг 22 апрель куни соат 16:52 ларда, фуқаро Н.Ў. Бухоро вилояти ИИБ нинг “102” марказлашган тизимига мурожаат қилиб, ИИБ ходимлари билан ўрталарида келишмовчилик юзага келганлигини билдирган.
Мазкур хабар Олот тумани ИИБ да тегишли тартибда рўйхатга олиниб, масъул соҳавий хизматлар ходимлари томонидан ўрганилган.
Аниқланишича, 2023 йилнинг 22 апрель куни соат 16:00 ларда, Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 5-сафарбар гуруҳ ЙПХ инспекторлари катта сержант Ж.С. ҳамда сафдор К.Б. лар ўзларининг хизмат ҳудуди ҳисобланган, туман марказидаги Маърифат кўчасида хизмат олиб бораётган вақтларида, “Нексия” русумли автомашинани бошқариб келаётган фуқаро Ф.Ж. шу кўчани кесиб ўтувчи йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиқ (бардюр)қа бориб урилиб шикаст етказганлиги ҳолатига гувоҳ бўлишган ва ушбу ҳолатни расмийлаштириш мақсадида ҳодиса жойига зудлик билан етиб келишган.
Шу вақтда мазкур ҳолатга умуман алоқаси ва даҳлдорлиги бўлмаган 1993 йилда туғилган, Бухоро вилояти Давлат Солиқ бошқармаси Қоракўл тумани бўлими маъмурий амалиёт юристи, Олот тумани “Чорбоғ” маҳалласида яшовчи Н.Ў. ҳодиса жойига етиб келиб, ҳеч бир сабабсиз ҳолатни расмийлаштираётган ИИБ ходимларининг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, хизмат вазифаларини бажариб турган ходимларни турли ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, куч ишлатиб, турли даражадаги тан жароҳатларини етказган.
Олиб борилган ўрганишлар ҳамда дастлабки тиббий текширув маълумотномасига кўра, мазкур ҳодиса натижасида катта сержант С.Ж. нинг “ўнг қўл 4-5 бармоқларида ҳамда ўнг қўл тирсак соҳасида шилинма”, сафдор Б.К. нинг эса “бўйин соҳасида шилинма” каби "соғлиқнинг бузилишига сабабчи бўлмаган енгил шикаст" тоифасига кирувчи тан жароҳатлари етказилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат содир бўлган вақтда катта сержант С.Ж. ҳамда сафдор Б.К.лар ҳушёр ҳолда, хизмат вақти ҳамда хизмат кийимида бўлган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Олот тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи Н.Ў.га нисбатан "уй қамоғи" эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов якуни бўйича айбланувчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати