9 Май 2023 йил 4352

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан расмий маълумот

Бугун Ижтимоий тармоқларда “Айтишларича, видеодаги аёл Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги 4-мактаб психологи экан. Мактаб психологининг аҳволи шу бўлса, мактабни аҳволи қанақа экан” сарлавҳаси остида видео ролик тарқалди.

 Ушбу ҳолат Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда Аниқланишича, ушбу видеороликдаги қиз, Қоракўл тумани “Тинчлик” маҳалласида яшовчи, 2007 йилда туғилган,  тумандаги 4-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабнинг 10-синф ўқувчиси вояга етмаган Т.Ш. эканлиги, у ушбу видеотасвирни тахминан икки йил олдин ўз  уйида ва телефонига видео тасвирга олганлиги, ушбу видеотасвир ўзига номаълум бўлмаган ҳолатда ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганлиги аниқланган.

 Ушбу видеотасвирларнинг ижтимоий тармоқларда тарқаб кетганидан сўнг, вояга етмаган қизнинг бувиси Қоракўл тумани “Тинчлик” маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Т. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг мурожаатида, Қоракўл тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 4-сонли ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 10-синфида таҳсил олаётган вояга етмаган невараси Т.Ш.нинг ўзи томонидан тахминан икки йилча муқаддам тасвирга олинганлиги, вояга етмаган невараси учун сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи ушбу видеолавҳа неварасининг телефонидан уларга номаълум бўлган шахслар томонидан қўлга киритилиб, уларнинг розилигисиз интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиб юборилиб, невараси вояга етмаган Т.Ш. нинг шаъни ва қадр-қимматини камситганлигини баён қилган ва ушбу шахсларни топиб уларга нисбатан қонуний  чора кўрилишини сўраган.

 Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 141/3-моддаси 2-қисми “в” банди (ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларини ошкор қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 Жиноят иши доирасида айбдорларнинг шахсига тўла аниқлик киритилиб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади ҳамда жиноят учун жазо муқаррарлиги таъминланади.

Ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари, мустақил журналист ва блогерлар!

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолатни турлича талқин қилмасликларингизни, тергов ҳаракатларининг одилона, холис ва тўлақонли олиб борилишига шубҳа туғдирмасликларингизни сўраб қоламиз.

Text to speech