Ишлаб чиқаришда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган чора тадбирлар масъуллар томонидан ўрганилди
Ромитан туманида вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев, Бухоро ДСБ бошлиғи Мақсуд Маматхановлар биргаликда туман сектор раҳбарлари иштирокида ҳудуддаги мавжуд иссиқхоналар эгалари билан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда муқобил энергиядан фойдаланиш борасида тушунтириш тарғибот хусусиятига эга бўлган учрашувларни ўтказдилар.
Бунда аҳолини сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш муҳим масала эканлиги, бугунги кунда эса иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотларни совуқ уришидан асраш, табиий газ босими паст бўлган кезларда муқобил энергиядан фойдаланиш, ҳосилни беталафот етиштириш борасида эҳтиёт чораларини кўришга доир тушунтиришлар берилди.
Жараёнда иссиқхона эгаларининг фикр ва таклифлари, уларнинг тажрибаси ўрганилди.
Шунингдек, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар, фаолиятидаги оғриқли масалалар юзасидан масъулларга ўз мурожаатларини билдирдилар.
Бугун олдимиздаги муҳим вазифалардан бири ҳам айнан энергия ресурсларини тежаб, ундан тўғри фойдаланиш ҳисобланади. Шунинг учун жойларда фаолият олиб бораётган иссиқхона хўжалиги эгалари иссиқхоналарни иситишда кўмир ҳамда дизель ёқилғисидан ҳам фойдаланмоқда.
Электр энергияси ва табиий газ таъминотида муаммо юзага келаётган бир вақтда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ҳосилни асрашда қўл келади.
Масъуллар ташриф буюрган тумандаги «Муҳаммад Темур Арслон» МЧЖ иссиқхонасида муқобил энергия, яъни кўмирдан фойдаланиш тажрибаси кўздан кечирилиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, иссиқлик даражаси ўрганилди.
Навбатдаги манзил “Нурислом агро” МЧЖ га қарашли иссиқхона бўлиб, бу ерда табиий газ бўлмаганда дизель ёқилғисидан фойдаланиш тажрибаси ўрганилиб, маҳсулотларнинг сифати, газ босими пасайган пайтда иссиқхонани керакли ҳарорат билан таъминлаш борасидаги ишлар кўздан кечирилди.
Ўрганиш давомида аниқланган муаммолар юзасидан мутасадди идоралар масъулларига топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.