9 Январ 2023 йил 296

Ислоҳотлар ижроси амалда: Бухорода ички ишлар органлари ходимлари иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди

Сўнгги йилларда ҳурматли Президентимизнинг ташаббуслари билан ёш авлодни тарбиялашда “Устоз-шогирд” анъанасига амал қилиш, устозларни улуғлаш, уларнинг орттирган бой амалий тажрибаларидан унумли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу ишларнинг амалий ифодаси сифатида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган режага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан, тизимда хизмат олиб бораётган ходимлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.

Учрашувда узоқ йиллар давомида ички ишлар органлари тизимида турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилиб, ёш авлодга ўрнак ва намуна бўлиб келаётган фахрий устозлар ўзларининг бой амалий тажрибалари ҳақида ходимларга сўзлаб беришди.

Бундан ташқари, Бухоро давлат университети тарих ва юриспруденция факультети, психология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Зиёдулло Элов томонидан, Президентимизнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳақида барча шахсий таркиб эътиборига етказиб, маънавият ва маърифат ўқув машғулотига киритилган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим Янги Ўзбекистонда устувор йўналиш” мавзуси бўйича ҳам йиғилганларга қатор маълумотлар бериб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан, ходимларга концерт дастури ҳавола этилди.

Тадбир якунида соҳада узоқ йиллар самарали фаолият юритган фидойи фахрийларга миннатдорлик рамзи сифатида вилоят ИИБ томонидан чоп этилган “Ватан осойишталиги йўлида 30 йил” номли китоб топширилди.

Text to speech