Ислоҳотлар замирида – қонун устуворлиги ва эл-юрт манфаати мужассам
Зиммасига юксак шараф ва масъулни олган соҳа ходимлари ўз ҳаётини эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек олижаноб ишга бағишлаган, муқаддас қасамёдига содиқ тинчлик посбонларининг фидокорона хизматлари ҳамиша халқ назарида бўлиб келган.
Зотан, Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида олиб бораётган ислоҳотларни ҳаётга муваффақиятли жорий этишда ички ишлар тизими ходимлари давлатимиз ва жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилмоқда.
Маълумки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар сингари ички ишлар тизимида ҳам кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида қатор ишлар олиб борилмоқда.
Шу мақсадда ушбу тизим фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, ички ишлар органларини халққа янада яқинлаштириш, мурожаатларни туну кун қабул қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ва ўз вақтида ҳал этиш мақсад қилинган бўлиб, жамоат жойлари ва кўчаларда хавфсизликни таъминлаш борасидаги ички ишлар органларининг хизматини алоҳида қайд этиш зарур.
Тизимдаги барча таркибий ва ҳудудий бўлинмалар, жумладан, профилактика, жиноят қидирув, тергов, йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари, эксперт-криминалистика ва паспорт бўлинмалари мутлақо янгича мезонлар асосида қайта шакллантирилгани, ходимлар хизмат фаолиятига хос бўлмаган кўплаб ишлардан озод этилгани соҳада иш самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 январь ПҚ-10 сонли “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мазкур қарорда ички ишлар органлари ходимларини “Инсон қадри учун” тамойили асосида давлатнинг юксак маънавий-ахлоций фазилатларга эга, ўз бурчига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар вакили этиб тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришиш, ички ишлар органлари ходимларида хизмат вазифаларига адолат ва виждонан, Ватан ва халқ олдидаги бурчини чин дилдан ҳис этган ҳолда, юксак масъулият билан ёндашиш, жамиятда умумэътироф этилган одоб-аҳлоқ нормаларига сўзсиз амал қилиш туйғусини шакллантириш, ички ишлар органларида содир этилиши мумкин бўлган ножуя ҳатти-ҳаракатлар, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот тизими обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмаслик каби жиҳатларга доир алоҳида сўз юритилган.
Хусусан, ички ишлар органларининг ҳар бир ходими Кодексда белгиланган қоида ва талабларни билиши, уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши мажбурий ҳисобланиб, белгиланган меъёрларга амал қилмаслик ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезони бўлиб ҳисобланиши ҳамда мазкур қоида ва талабларга амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлиши таъкидланган.
Барча даражадаги ҳудудий, соҳавий ва тармоқ ички ишлар органлари бошлиқлари ўз бўйсунувидаги шахсий таркиб билан Кодекс талабларини бажаришга қаратилган маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни амалга ошириш, шунингдек, ходимларнинг оилавий-маиший муаммоларини доимий ўрганиш ва ҳал этиш бўйича самарали чораларни кўриш учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилган.
Ички ишлар органларида кадрлар салоҳиятини ошириш замон талаби ва долзарб вазифа эканидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги:
- ички ишлар органларида хизматга қабул қилиш бўйича номзодларни танлашнинг адолатли, холис ва шаффоф тизимини яратиб, ўрнатилган тартибларни тубдан соддалаштириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни белгилаш;
- маънавий-маърифий ишларни “таълим муассасасидан - хизматнинг охирига қадар” тамойили асосида тизимли ва узлуксиз ташкил этиш орқали уларнинг самарадорлиги ҳамда таъсирчанлигини ошириш;
- хизматнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида манзилли психологик тадбирларнинг замонавий усулларини татбиқ этиш, лавозимга тайинлаш ва аттестация ўтказиш жараёнларида мутахассис-психологларнинг ролини ошириш;
- ички ишлар органларида истиқболли ёш раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришнинг янги тизимини жорий этиш, уларнинг фаолиятини тизимли мониторинг қилиш ва доимий равишда ўқитиб бориш механизмларини яратиш;
- жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасининг хусусиятларидан келиб чиқиб, ички ишлар органлари шахсий таркибининг жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишнинг узлуксиз тизимини яратиш ва уни баҳолашни янги мезонлар асосида амалга ошириш;
- инсон омилини истисно этиш ҳамда коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш, хизматни ўташ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркиб ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини замон талабларига мос равишда тўлиқ рақамлаштириш каби омиллар фаолиятни янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлигининг ички ишлар органларида хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимларга нисбатан тайинланадиган дастлабки синов муддатини бир йил этиб белгилаш; ҳудудий ички ишлар органлари эҳтиёжини инобатга олиб, Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари битирувчилари учун Ички ишлар вазирлиги Академиясида бакалавриатнинг “Хуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ва “Тезкор-қидирув фаолияти” каби таълим йўналишларига тўлов-контракт асосида ўқитишни назарда тутган ҳолда, 200 нафаргача кўшимча ҳар йиллик қабул квотасини киритиш.
Интизомий жазо тариқасида лавозимидан озод этилаётган ходимларни бошқа соҳавий тузилмаларга ўтказиш амалиётига чек қўйиб, ўз йўналиши бўйича қуйи бўлинмаларга йўналтириш ёки малакасига баҳо берган ҳолда хизматга лойиқлигини аниқлаш мақсадида аттестациядан ўтказиш тартибини йўлга қўйиш ва 2023 йил якунига қадар мансаб лавозимларини юқори маънавий-аҳлоқий, ишчанлик ва касбий сифатларга эга бўлган номзодлар билан тўлдиришни назарда тутган ҳолда, ички ишлар органларида хизматга қабул қилишнинг сифат жиҳатидан янги, соддалаштирилган тартибини ўрнатиш ҳамда “E-nomzod” электрон ахборот тизимини яратиш шунингдек, хизматнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари ходимларида мулоқот психологияси ва муомала маданияти ҳамда ностандарт вазиятларда руҳий барқарорликни сақлаш бўйича зарур кўникмаларни шакллантириш, ички ишлар органларида малака тоифасини бериш тартиби ва мезонларини танқидий қайта кўриб чиқиб, унда ходимларни касбий билимлари, жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражаси, ахборот технологияларидан фойдалана олиши ҳамда Кодекс қоида ва талабларини ўзлаштирганлиги бўйича синовдан ўтказиш тизимини жорий этиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни кўриш белгиланган.
Шу билан бирга, кадрлар билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ички ишлар органларига хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимлар Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида уч ойлик бошланғич касбий тайёргарлик курсларини муваффақиятли тамомлаганидан сўнг тегишли лавозимга тайинланиши; ички ишлар органларига хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимлар дастлабки синов муддати даврида Кодекс қоида ва талабларини бузган ҳолатларда уларга бириктирилган мураббийлар, айбдорлик даражасидан келиб чиқиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазога тортилиши; Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD), шунингдек, фан доктори ёхуд фан доктори (DSc) илмий даражаларига, профессор ёки доцент илмий унвонларига эга бўлган кафедра бошлиқлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра, олий таълим муассасасининг кафедра бошлиғи (мудири)га тенглаштирилиши маълум қилинди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимларини “Фуқаролар билан ишлаш модули” бўйича узлуксиз ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш орқали уларнинг соҳада самарали хизмат олиб боришдаги шахсий масъулияти оширилиши таъкидланди.
Бунда, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида алоҳида дастур асосида ходимлар ҳар уч йилда бир марта ўқитилиб, махсус синовдан ўтказилиши ҳамда синовларни муваффақиятли топширган ходимларга келгусида ушбу соҳада хизмат қилиш ҳуқуқини таъминлайдиган сертификат бериладиган бўлгани ҳам қувонарли ҳолдир.
Ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган, соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Қўшимча ИИВ академияси ички ишлар органлари таълим ва ўқув муассасаларининг педагог кадрларини, шу жумладан шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда ИИВ академик лицейлари - ўқув-тайёрлов марказларини ташкил этган ҳолда, иш вақтидан ташқари пайтда академик лицей ўқитувчилари томонидан ўқувчи ва фуқаролар учун ихтиёрийлик асосида қўшимча ўқув машғулотларини ўтказиш бўйича пулли таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи бериладиган бўлди.
Қарорда олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда Ички ишлар вазирлиги Академиясида ички ишлар органлари таълим ва ўқув муассасаларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартибини белгилаш ҳамда ички ишлар органларида психологик хизмат кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этиш, унинг моддий-техник базасини ривожлантириш, мутахассисларни хорижий илмий ва таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни назарда тутувчи чора-тадбирларни белгилаш кўрсатиб ўтилгани билан аҳамиятлидир.
Албатта ушбу қарор Ички ишлар ходимларини халқчил пофессионал тузилмага айлантириш, ходимларининг аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлаш ва улар билан мулоқотда маданиятли бўлишларини таъминлашга, шу билан бирга соҳада кадрлар салоҳиятини оширишга яқиндан ёрдам беради десак муболаға бўлмайди.
Шу ўринда, вилоят бўйлаб соҳа ходимлари ўртасида ушбу қарорнинг мазмун-моғятини таништиришга қаратилган тадбирлар ҳам изчиллик билан олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, соҳада коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар доимий равишда изчил давом эттирилиб келинмоқда.
Бу борада мамлакатимизда мавжуд имконият ва салоҳият, кейинги йилларда орттирилган тажриба ва илғор хорижий ютуқлардан фойдаланган ҳолда, соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга энг муҳим вазифа сифатида қаралмоқда.
Хусусан, “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган қоидани ҳаётга татбиқ этишда аввало халққа энг яқин касб эгалари сифатида ички ишлар ходимларининг барчага ўрнак ва намуна бўлишлари зарур деб биламиз.
Тизимга замонавий технологиялар ва иш услубларни жорий этиш, профессионал етук кадрларни тайёрлаш, соҳа ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш каби масалаларга алоҳида аҳамият қаратилаётганига жавобан ҳам ички ишлар тизимидаги ислоҳотларимизнинг амалий натижасини соҳанинг ҳар бир ходими, аввало, халқимиз ўзининг кундалик ҳаётида сезиши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этмоғимиз лозимдир.
Умид УТАЕВ,
Бухоро вилояти ИИБ ўринбосари, ММИ ва КБТХ бошлиғи, подполковник