Ғиждувон туманида ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилди
Ҳудудларда ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш мақсадида бугун, 13 май куни вилоят ИИБ ЖХХ масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан 3-сектор ҳудудига қарашли Ғиждувон туманида қатор мутасаддилар иштирокида навбатдаги кенг қамровли профилактик тадбирлар ташкил этилди.
Шу куни туманнинг умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари ва уларнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари — ЖХХ бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев томонидан ёшлар, айниқса вояга етмаганлар ўртасидаги кўнгилсиз ҳодисалар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, шунингдек улар иштирокида ўғрилик, фирибгарлик каби салбий иллатларнинг илдиз отишини олдини олишда маҳалла фаолларининг роли муҳимлиги ҳамда бу борада тегишли чора-тадбирларни узвий ҳамкорликда амалга ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Учрашувда ёшлар, айниқса вояга етмаганлар иштирокида содир этилган бир қатор салбий ҳолатлар тафсилотлари бирма-бир баён қилиниб, қонунбузарликларнинг оғир оқибатлари тушунтирилди.
Шунингдек, таълим соҳасидаги ходимлар томонидан содир этилган тамагирлик, порахўрлик, товламачилик ва фирибгарлик каби коррупцион жиноятлар, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари, жиноят содир этган шахсларга нисбатан кўрилган жазо чоралари билан боғлиқ ҳолатлар чуқур таҳлил қилинди.
Тарғибот-ташвиқот тадбирларида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.