24 Июл 2024 йил 1651

Ғиждувон туманида олиб борилаётган кенг кўламли «Хавфсиз ҳудуд» кенг қамровли профилактик тадбирлари ўз самарасини бермоқда.

Аввал хабар берганимиздек, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида мавжуд тизимли муаммоларни, аҳолининг мурожаатларини ҳал этиш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали маҳаллаларни ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, шунингдек, туманни ижтимоий иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасидаги манзилли ишларни изчил олиб боришга Ички ишлар бошқармаси бошлиғи масъул этиб бириктирилди.

Топшириқ асосида вилоят прокуратураси ҳамда Ички ишлар бошқармаси томонидан қўшма фармойиш ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг 4-июнь кунидан бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов бошчилигида ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа тааллуқли идораларнинг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, бир қатор манзилли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бунда асосий эътибор, туманда камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш, миграцияда юриб қийналган фуқароларни қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш, миграцияда юрган фуқароларнинг оила аъзолари, судларда низолашаётган ёки низоли оила сифатида профилактик ҳисобга олинган оилалар билан манзилли ишлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва рақамлаштириш, замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш ва ҳудудий ички ишлар органларига интеграция қилиш, маҳалла еттилик вакилларининг иш самарадорлигини ошириш учун уларнинг билим савиясини, ишга бўлган муносабатини ўзгартириш, кундалик иш фаолиятлари устидан идоравий назоратни кучайтириш, ходимлар ва фуқаролар, айниқса ёшларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига қаратилмоқда.

Ғиждувон туманида ўтказилган хонадонбай ўрганиш тадбирлари давомида 6 784 та хонадонларда 753 та муаммолар аниқланиб, ҳал қилиш чоралари кўрилди. Тадбир бошидан жиноятларни келтириб чиқариш хавфи юқори бўлган 1 958 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминланди, жараёнда 61 та ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши ва улардан 97 023 918 сўм жарималарнинг ундирилишига эришилди.

Шунингдек, 12 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган ва 23 нафар руҳий касалликка чалинган шахслар аниқланиб соғлиқни сақлаш муассасаларга жойлаштирилди.

Профилактик ҳисобда турган жами 3 345 нафар муқаддам судланган шахсларнинг 2 177 нафари билан якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилиб, маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчи 101 нафар шахслардан 23 нафарига нисбатан маъмурий назорат ўрнатилди.

5 та ҳолатда вояга етмаган фарзандларини тунги вақтларда кўнгилочар масканларда назоратсиз бўлишига йўл қўйган шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Фирибгарлик, ўғрилик, тан жароҳати етказиш ва йўл транспорт ҳодисалари, кибержиноятчилик, терроризм ва ахлоққа оид жиноятларни олдини олишга доир тарғибот тадбирлари ўтказилиб, буклетлар тарқатилди.

Туман ҳудудида истиқомат қилувчи 23.000 нафардан ортиқ банк пластик картасига эга фуқароларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, масъул раҳбарлар бошчилигида маҳалла еттилик вакиллари томонидан “фуқаробай” тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналиши бўйича 3 595 та қоидабузарлик ҳолати бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 1 621 та транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилди.

Ўтказилган кенг қамровли профилактик тадбирлар давомида 171 та ажрим ёқасидаги ва 190 та низоли оилалар билан “Бухоро тажрибаси” асосида туман ҳокими бошчилигидаги мутасадди раҳбарлар томонидан манзилли профилактик тадбирлар олиб борилиб, 94 нафар тазйиққа учраган аёлларнинг 56 тасига ҳимоя ордерлари расмийлаштирилиб, тадбир бошидан ҳимоя ордери қоидаларига риоя этмаган 3 нафар шахслар жазога тортилди.

“Тиғ” тадбирлари давомида 13 та ҳолатда тан жароҳати етказиш мумкин бўлган буюмларни ноқонуний равишда сақлаш ва олиб юриш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланди.

Тадбир давомида суд ва тергов органларига келишдан бўйин товлаб юрган 7 нафар қидирувдаги шахслар ушланган бўлса, 6 нафар бедарак йўқолган шахслар аниқланди.

Ўтказилган тадбирлар давомида, 1 та ноқонуний ҳужра, 4 та қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш ва 5 та ҳолатда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноий ҳолатлар, шунингдек, 22 та электр энергиясидан ва 18 та табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Ғиждувон туманининг маҳаллаларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши қураш, содир этилган жиноятларни иссиқ изидан фош этиш мақсадида хонадонлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, корхона ва ташкилотларда 177 та кузатув камералари ўрнатилиб, таянч пунктларига интеграция қилиш чоралари кўрилди.

Натижада бугунги кунда Ғиждувон туманида жиноятчиликнинг, айниқса олди олиниши мумкин бўлган жиноятларнинг сезиларли даражада камайишига эришилди.

"Хавфсиз ҳудуд" кенг қамровли тезкор ҳамда профилактик тадбирлари вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам изчиллик билан олиб борилмоқда.

Text to speech