Ғиждувон туманида тиббий маълумотномани қалбакилаштирган соҳа ходими фош этилди
Ғиждувон тумани ИИБ томонидан берилган маълумотга кўра, туман Тиббиёт бирлашмаси Хўжалик ҳисобидаги бўлими дояси туманнинг Ўзбекистон кўчасида яшовчи, 1983 йилда туғилган Б.Ш. исмли аёл бошқа бир фуқаро билан олдиндан жиноий тил бириктириб, “Миопия юқори даражаси ОД-Артифакия (ОКХ) ОС тўр парда кўчиши (ОКХ)” ташхиси билан II гуруҳ ногирони ҳисобланган Р.Д. исмли аёлни ногиронлик рўйхатига туришига қарамай, 2012 йилдан буён муддатсиз кўринишда уни тегишли шифокорлар кўригидан ўтказмасдан келади ва 2021 йил ноябрь ойида унинг номига “Ҳайдовчиликка номзоднинг тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича” 083/ҳ-сонли шаклдаги тиббий маълумотнома тузиб бериб, унда унинг «Б» тоифадаги транспорт воситасини бошқаришга «яроқли» эканлиги тўғрисида кўрсатиб, Р.Д. нинг ҳайдовчилик гувоҳномаси олиши учун муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатни қалбакилаштирган.
Натижада эса фуқаро ушбу сохта маълумотлар киритилган тиббий маълумотномани вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 2-сон туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимига тақдим этиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси олишга эришган.
Мазкур ҳолат юзасидан Б.Ш. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 228-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.