Ғиждувон туманида ўтказилаётган "Хавфсиз ҳудуд" кенг қамровли профилактик тадбирлари доирасида маҳаллаларга бириктирилган масъуллар бошчилигида оила-турмуш доирасидаги жиноятларни олдини олиш борасида манзилли ишлар олиб борилмоқда
Жумладан, Вобкент туманининг Қўқин маҳалласида яшовчи эр ҳамда Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи хотин ўртасида мавжуд кўп йиллик оилавий низо сабаблари ўрганилди.
Ушбу оила аёлига ҳимоя ордери берилган ва хонадонда мавжуд низо бир неча бор Вобкент тумани ва Ғиждувон туманининг мутасаддилари томонидан муҳокама қилинган.
Ушбу хонадон келгусида оила турмуш доирасида оғир ва ўта оғир турдаги жиноят содир этилиши мумкин бўлган жой сифатида алоҳида назоратга олинган.
Мазкур оиладаги муаммолар ва низонинг сабабларини аниқлаш мақсадида бугун Ғиждувон туманининг Маҳалламирзаён маҳалласига масъул этиб бириктирилган вилоят ИИБ Ахборот хизмати бошлиғи подполковник Шухрат Жалолов, туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Ниёзий Болтаев ҳамда туман прокурорининг ўринбосари адлия кичик маслаҳатчиси Улуғбек Ўриновлар 2-сон ИИБ маъмурий биносида мутасадди идоралар масъуллари, маҳалла еттилик вакиллари иштирокида ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганиш давомида, оилада мавжуд барча муаммолар, эр ва хотин ўртасидаги низонинг туб сабаблари чуқур таҳлил қилинди.
Томонлар эшитилиб, мутасаддиларнинг таклиф ва тавсиялари эътиборга олинган ҳолда мазкур оилани "Обод ва хавфсиз хонадон" тамойили асосида ижобий томонга ўзгартириш, муаммоларини бартараф этиш, низонинг ечимига доир манзилли тадбирлар белгилаб олинди.
Бу каби ўрганишлар келгусида содир этилиши мумкин бўлган қотиллик ва турли даражадаги тан жароҳати билан боғлиқ оила турмуш доирасидаги жиноятларни олдини олишда ижобий самара беради, албатта.
Шу сабабли, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга доир бундай ўрганишлар белгилаб олинган контингент ва режа асосида босқичма-босқич давом эттирилади.